“Мактаб давридан роса ўқишга ҳужжат топширганман, лекин…”
— 1958 йил Андижон вилояти Жалақудуқ туманида оддий ишчи оиласида туғилганман. Отам ҳайдовчи, онам уй бекаси бўлган. Отам ўтиб кетган, онам ҳаёт, 85 ёшни қоралаб қўйган. Оилада 9 фарзандмиз, мен тўнғич қизман. Ёшлигимдан китоб ўқишга, қўшиқ айтишга қизиқардим. Онам халқ оғзаки ижодини жуда яхши биладиган, кўп китоб ўқийдиган аёл бўлган ва бу менга таъсир қилмай қолмаган.
Мактаб давридан фан олимпиадаларига қатнашиб юрадиган билимли қиз эдим. Лекин негадир омадим чопмадими, ҳеч ўқишга киролмаганман. Нима бўлса ҳам умидсизликка тушмадим, 1978 йилда Асака шаҳридаги мактабгача тарбия педагогика билим юртига кирдим. 1980 йил бу ерни имтиёзли диплом билан тугатдим. Кейин қўшнимизга турмушга чиқдим. Жуда яхши оила бўлгани учун анча-мунча армонларим ҳам ортда қолди.

“Оилали бўлганимдан кейин турмуш ўртоғим ўқишга рухсат бермади”
— Ҳозир 3 нафар фарзандимиз бор. Уларнинг ҳаммасини уйли-жойли қилганмиз.
Турмуш давомида ота-онамни, турмуш ўртоғимни ва қайнота-қайнонамнинг дуосини олдим. Шу орада жуда кўп жойларда, боғчаларда ишладим. Мусиқа тарбиячиси бўлиб боғчада ишладим. 1983 йилдан 2012 йилгача мусиқа тарбиячиси ва мактабда мусиқа ўқитувчиси бўлиб ишладим. Шу пайтларда ҳам ҳеч бўлмаса, сиртқи бўлимга ўқишга киришни хоҳлаганман, бироқ хўжайиним кўнмади.
Олий маълумотли кадр бўлмагани учун ишдан бўшатишган
— Турмуш ўртоғим ўқишимга рухсат бермади, деб тушиб қолмадим. Ўзим севган касбни давом эттиравердим. Ижод билан шуғулланавердим, 400тача шеърлар, сценарийлар ёздим. Мактабгача таълим, бошланғич таълим ўқувчилари учун мултфилм ва эртакларни шеърий тарзда ёзиб саҳналаштирдим.
2021 йилда апрел ойигача бир хусусий боғчада ишлаётгандим. Ўрнимга олий маълумотли кадрни ишга олишди. Шундан кейин хўжайинимдан ўқишга топшириш учун рухсат сўрадим. Насибам қўшилган бўлса кираман, деб илтимос қилгандим, улар рози бўлди.

“Энг юқори балларни олиб, 2-ўринда ўқишга қабул қилиндим”
— Ҳужжатларимни Андижон давлат университети педагогика институтига топширдим. Ижодий имтиҳонда энг юқори баллни олдим. Мажбурий фанлар имтиҳонидан ҳам яхши топшириб, умумий 142,4 баллни қўлга киритиб, 2-ўринда ўқишга кирдим.

















