Ўзбекистон ҳукумати делегацияси ташрифи доирасида Деҳли шаҳрида Ўзбекистон бош вазири ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Жамшид Хўжаев Ҳиндистон портлар, кемачилик ва сув йўллари вазири Сарбананд Соновал билан учрашди, деб хабар қилмоқда “Дунё”.
Учрашувда қайд этилганидек, икки мамлакат раҳбарияти томонидан қўйилган мақсадларга фақат Марказий ва Жанубий Осиё логистика ва транспорт алоқаларини ривожлантиришга ўз вақтида эътибор қаратиш орқали эришиш мумкин.
Ўзбекистон томонидан Тошкент – Сарахс – Чабаҳар – Нҳава Шева порти (Мумбай) йўналиши бўйича контейнерлардан иборат биринчи қатновни ташкил қилиш, лойиҳани муваффақиятли якунлагач эса бошқа асосий мақсадларга, жумладан, юқоридаги йўлак рақобатбардошлигини оширишга қаратилган қулай шароитларни шакллантиришга киришиш таклиф этилди.
Ҳиндистон томони билан икки мамлакат ўртасида йўловчи қатновлари сонини ҳафтасига 4 тадан 5 тагача ошириш, шунингдек, ҳафтасига 2 марта ҳаво транспортида юк ташишни йўлга қўйиш масаласи келишиб олинди.











