Россия томони версияси
Россия мудофаа вазирлиги эрталабки ҳисоботида Оленивкадаги украин ҳарбий асирлари, шу жумладан «Азов» полки жангчилари сақланган тергов изоляторига гўёки Америка томонидан етказиб берилган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими орқали зарба йўлланганини маълум қилди.
«Украин ҳарбий асирларидан 40 киши ҳалок бўлган ва 75 киши яраланган. Бундан ташқари, изолятор ходимларидан саккиз нафари турли даражада тан жароҳат олишган», дейилади баёнотда. Ундан олдинроқ бу зарба ҳақида «ДХР» вакиллари хабар қилишганди.
Шундан сўнг «Россия 24» давлат телеканали колониянинг вайрон бўлган корпуси тасвирларини намойиш этди. Кадрларда том қулаб тушгани ва икки қаватли темир каравотлар мажақланиб кетгани акс этган.

ВГТРК ходими Андрей Руденко ўз телеграм-каналида ёниб ва парчаланиб кетган жасад қолдиқлари акс этган видеони жойлаштирди.
Украина томони версияси
Украина томони бир неча соат давомида бу борада изоҳ бермай турди. Кейин Украина қуролли кучлари Бош штаби баёноти пайдо бўлди.
Штабдагилар, ўз навбатида, россиялик ҳарбийлар украин ҳарбийлари сақланаётган колонияни нишонга олган ҳолда артиллерия зарбалари бергани, бундан мақсад Украинани ҳарбий жиноят содир этишда айблаш, шунингдек колония ҳудудида содир этилган ҳарбий асирларга қийноқ қўллаш ва уларни ўлдириш билан боғлиқ ҳолатлар изини йўқотиш эканини маълум қилди.
Пресс-релизда Украина қуролли кучлари фуқаролик инфратузилмаларига, айниқса ҳарбий асирлар сақланаётган жойларга зарба бермаслиги қайд этилган. Бош штаб Оленивка ҳудудига украин ҳарбийлари томонидан артиллерия зарбалари йўлланмаганини таъкидлаган.
Украина ҳарбийлари қурбонлар сони бўйича изоҳ бермаган.
Расмий баёнотдан бироз олдинроқ «Украинская правда» нашри разведкадаги манбасига асосланган ҳолда Оленивка йўналишида артиллерия зарбалари қайд этилгани, аммо бу украинлар эмас, россиялик ҳарбийлар томонидан амалга оширилгани ҳақида ёзганди.
Нашрнинг яна бир суҳбатдоши бир неча кун муқаддам саноат зонасига - айнан 29 июл куни зарба берилган баракка ўтказилгани ҳақида айтган.
«Бу «Азов» жангчилари жойлаштирилган барак бўлган. Уларни бугунги зарба берилишидан бир неча кун олдин шу ерга олиб ўтишган, биз нега бундай қилинганини тушунмай тургандик», деган манба.
















