«Азовстал» мудофаасига раҳбарлик қилган беш командир бир неча ой давомида Туркияда кузатув остида турганидан сўнг Украинага қайтарилди.
Ҳарбийларни ватанга Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ўзи шахсан олиб қайтди, у 7 июл куни Туркияга учиб келган ва Истанбулда мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған билан учрашганди.
8 июл куни кундузи Зеленскийнинг матбуот хизмати эълон қилган видеода Туркия томони унга беш нафар ҳарбийни топширгани, кейин улар биргаликда президентлик самолётига чиқиб, учиб кетганини кўриш мумкин.
«Биз Туркиядан уйга қайтяпмиз ва қаҳрамонларимизни ҳам қайтаряпмиз. Украин жангчилари Денис Прокопенко, Святослав Паламар, Сергей Волинский, Олег Хоменко, Денис Шлега ниҳоят яқинлари билан бўлади», — дейилади украинлар президентининг ижтимоий тармоқларига қўйилган видеога иловада.
Хабарда номлари келтирилганлар қуйидагилар:
- Денис Прокопенко, Редис лақаби билан маълум, Россия асирлигига тушгунига қадар «Азов» полкига раҳбарлик қилган.
- Святослав Паламар (Калина) «Азов» полки командири бўлган.
- Олег Хоменко (Апис) комендантлик ротасини бошқарган ва бевосита «Азовстал» заводи мудофаасини бошқарган.
- Сергей Волинский (Волина) 36-алоҳида денгиз пиёдалари бригадаси командири вазифасини бажарган.
- Денис Шлега (бошқа манбаларда — Шлег) Дмитро Вишневский номидаги 12-бригадага раҳбарлик қилган.

Фото: Украина президенти офиси
Командирлар Лвивдаги матбуот анжуманида фронтга қайтишлари ҳақида маълум қилишди.
«Азовстал» мудофааси асирлар алмашинуви
Украина қуролли кучлари Мариуполдаги «Азовстал» металлургия заводини Россия қўшинларидан 2022 йилнинг мартидан май ойи ўрталарига қадар ҳимоя қилган, комбинат ҳудудида улар билан бирга тинч аҳоли вакиллари ҳам яширинганди. Май ойининг иккинчи ярмида Украина қуролли кучлари бош штаби командирларга «шахсий таркиб ҳаётини сақлаб қолиш» бўйича топшириқ беради, шундан кейин «Азовстал» мудофаачилари (жами 2,5 минг ҳарбий) таслим бўлади.
















