– Ўзбекистонда июлнинг иккинчи ярмида электр энергияси таъминотида аввалига қисқа муддатли узилишлар кузатилди. Жазирама авжига чиққан кунлари эса жойларда соатлаб, суткалаб электр бўлмади. Аслида аномал иссиқ ёз фасли учун янгилик эмас, бу – ҳар йили кузатиладиган ҳолат. Нима учун куз-қиш мавсумига тайёрланилгани каби ёз мавсумига ҳам тайёрланилмайди? Нега куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида нимстанциялар айнан ёз пайтида таъмирланади, шу сабабли юк трансформаторлари ишчи ҳолатида бўлмайди?

– Куз-қиш мавсумидаги электр энергиясига бўлган талабнинг ортиги билан ёз мавсумидаги талабнинг ортишида жуда катта фарқ бор. Энергоқурилмаларимиз ўз иш режимида ташқи об-ҳаво шароитига узвий боғлиқ. Кун қанча совигани сари трансформаторларимиз ёки янги турдаги иссиқлик электр станцияларимиз буғ-газ қурилмаларининг ишлаш механизми яхшиланади.

Лекин иссиқда трансформаторлар, буғ-газ қурилмалари, ёки бўлмасам ҳаво-электр узатиш тармоқлари зўриқиб ишлайди. Жазирама 40 даражадан ошганда трансформаторларни совитиш тизими кўп ҳолатларда дош беролмайди ва қизиб кетиши туфайли ҳимоядан ўчади.

Шу билан бирга, бир нарсани айтиб ўтишим керак, узоқ муддатли ўчишлар кузатилган, яъни суткалаб свет бўлмаган жойлар кўп бўлгани йўқ, бу ўзимизни оқлаш эмас. Юзага келган аварияларни тезкорлик билан бартараф этишга ҳаракат қилдик.

Куни кеча ўзим ҳам битта авариянинг тепасида туриб, электр линияларини мумкин қадар тезроқ таъмирлаб ишга туширдик.

Муаммо нимада? Инфратузилма ҳақиқатан ҳам жуда эскириб кетган. Мана, оддий мисол, ўзим борган жойдаги кабел тармоғи эллик йилдан ортиқ хизмат қилгани маълум бўлди. Биз унинг узилган жойини топиб, таъмирлашимизга у қадар кўп вақт кетгани йўқ, лекин бир марта зўриқиб ишлагандан кейин кабел 3-4 жойидан узилиб кетади. Биттасини топасиз, таъмирлайсиз. Энди уладим деганингизда, иккинчи узилган жойи чиқади. Уни топиб таъмирлайсиз, тармоққа улаган ватқингизда кейинги узилган қисми аниқланади.

Албатта, бунинг ечими ягона: кабел тармоқларини алмаштиришимиз керак. Бу эса маблағга бориб тақалади. Шу ўринда битта нарсани айтиб ўтишимиз керак, йилдан йилга иссиқлик электр станциялари, қуёш ёки шамол электр станциялари ёки гидроэлектр станцияларнинг янги ишлаб чиқариш қувватларини ошириш бўйича дастурларимиз тасдиқланиб боряпти. Бундан ташқари, олдимизда магистрал тармоқларимизни, яъни юқори кучланишли тармоқларимизни ҳамда паст кучланишли тармоқларни реконструкция қилиш ва модернезация қилиш вазифаси турибди.