Косово ҳудудида хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлган НАТО бошчилигидаги халқаро кучлар (KFOR) Косово барқарорлигига таҳдид туғилган тақдирда Белград ва Приштина ўртасидаги чегара можаросига аралашишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ташкилот 31 июль, якшанба куни Twitter’да маълум қилди. «KFOR Косово шимолидаги барқарорликка таҳдид солинадиган бўлса, аралашишга тайёр», дейилади хабарда.
KFOR таъкидлашича, Косово шимолидаги муниципалитетларда хавфсизлик билан боғлиқ вазият кескинлигича қолмоқда, бироқ миссия доимий мониторинг олиб боради ва БМТ ХКнинг 1999 йилдаги 1244-сонли қарори доирасида аралашишга тайёр. «НАТО бошчилигидаги KFOR миссиямиз тўлиқ эътиборни бутун Косово аҳолиси учун хавфсиз муҳит ва эркин ҳаракатланишни таъминлаш бўйича БМТ мандатини ҳар куни амалга оширишга қаратган», — дейилади баёнотда.
Косово бош вазири Альбин Курти минтақадаги вазиятнинг кескинлашувига Сербия президенти Александр Вучич айбдор, деди. Унинг фикрича, чегарада автомобиль йўлини тўсиб қўйиш аввалдан режалаштирилган ҳаракатдир.
Курти Косово шимолида яшовчи сербларга Сербияда берилган автомобилларни қайта рўйхатдан ўтказиш ва давлат рақамларини Косовога алмаштириш ҳақидаги буйруғи Белградга берилган жавоб эканини билдириб, у Сербияга кириб келаётган Косово фуқароларига ҳам худди шундай талаб қўйилганига эътибор қаратди.
Якшанба куни кечқурун юзлаб этник серблар Сербия чегарасидаги «Ярине» ва «Брняк» назорат-ўтказиш пунктлари йўналишидаги йўлларда юк машиналари, нефть цистерналари бўлган машиналар ва бошқа оғир транспорт воситаларини тўхтатиб, транспорт ҳаракатини тўсиб қўйди. Кўп сонли маҳаллий серблар баррикадалар атрофига у ерда қолиш ниятида тўпланган, деб хабар берди AFP мухбири.
Ўз навбатида, Сербия президенти Александр Вучич якшанба куни Косоводаги вазият сербия ва Косовода яшовчи этник серблар учун ҳеч қачон ҳозиргидек «қийинроқ» бўлмаганини айтди. «Атмосфера ўзининг бурилиш нуқтасига етди», деди Вучич ва агар серблар ҳужумга учраса, «Сербия ғалаба қозонади» деб огоҳлантирди.
Курти Вучични «тартибсизликларни» қўзғатганликда айблади. «Кейинги соатлар, кунлар ва ҳафталар қийин ва муаммоли бўлиши мумкин», — деб ёзди сиёсатчи Facebook’да.
Айни пайтда, 1 августга ўтар кечаси Альбин Курти чегара назорат пунктларидаги тўсиқлар душанба куни олиб ташланиши шарти билан, Сербияда берилган Сербия рақамлари ва ҳужжатларига эга автомобиль эгаларига нисбатан чора кўришни бир ойга кечиктиришга ваъда берди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор «халқаро иттифоқчилар билан ҳамкорликда» қабул қилинган.












