ДХХ Самарқанд вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан Пахтачи туманидаги “Самарқанд мунтазам” ЙПХ масканида “Спарк” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди.
Натижада, автомашинада Ургут ва Оқдарё туманларида яшовчи, 1991 йилда туғилган икки нафар фуқаро кетаётгани маълум бўлиб, улар ёнида 10 килограмм “опий” гиёҳванд моддаси борлиги аниқланди ва ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди. Улар Тожикистондан контрабанда йўли билан олиб келинган ушбу моддани Хоразм вилоятида сотишни режалаштирган.
Сурхондарё вилоятида кузатилган ҳолатда эса Термиз туманида яшовчи, 1983 ва 1986 йилларда туғилган икки нафар фуқаро 2 килограмм 60 грамм “опий” моддасини 40 минг АҚШ долларига сотган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинди. Улар Тожикистондан келтирилган ушбу гиёҳвандлик воситасини Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи, 1989 йилда туғилган фуқародан 28 минг АҚШ долларига сотиб олгани аниқланиб, у ҳам ушланди.
ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари ва Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Бекобод-Гулистон йўналишида ҳаракатланаётган “Нексия” русумли автомашина Боёвут туманида тўхтатилиб, кўздан кечирилган. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Тожикистон фуқароси бўлган, 1964 йилда туғилган шахс ёнида 1 килограмм “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди. Аниқланишича, у мазкур наркотикни Қозоғистонга ўтказишни режалаштирган.
Фарғона шаҳрида яшовчи, 1988 йилда туғилган Тожикистон фуқароси эса ўз шаръий никоҳидаги турмуш ўртоғи бўлган, 1992 йилда туғилган аёл билан Сурхондарё вилояти Денов туманига бориб, Тожикистондаги наркосавдогардан 11 минг АҚШ долларига сотиб олинган 976 грамм “опий” ва 994 грамм “гашиш” гиёҳванд моддаларини контрабанда йўли билан мамлакат ҳудудига ўтказади. Сўнг улар наркотик моддаларни олиб қайтаётган вақтларида Марғилон шаҳрида ДХХ Фарғона вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ушланди.
Бошқа ҳолатда эса Ёзёвон туманидан Марғилон шаҳри томон ҳаракатланаётган “Ласетти” русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Унда йўловчи сифатида кетаётган, Марғилон шаҳрида яшовчи, 1979 ва 1983 йилларда туғилган, муқаддам судланган икки нафар фуқаро ёнида Қирғизистондан олиб келинган 698 грамм “опий” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.












