Ўзбекистон | 13:50 / 02.08.2022
4894
2 дақиқада ўқилади

Маҳкумларнинг колониядаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилади

Қонунчилик палатаси ялпи мажлисда “Айрим қонун ҳужжатларига маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Ҳужжат озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларга жазони ўташ шароитларини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш, меҳнатга жалб этилган маҳкумлар колониялардаги иш стажини умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартибини жорий этиш ҳамда маҳкумлар тузалиш йўлига ўтганини белгиловчи қатъий мезонларни белгилаш мақсадида ишлаб чиқилган.

Манзил-колонияларда “Фуқаролар давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, Солиқ кодекси ҳамда Жиноят-ижроия кодексларига тегишли ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда. Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар, ногиронлиги бўлган маҳкумлар ҳуқуқ доираси кенгайтирилиб, халқаро ҳуқуқ нормалари билан мувофиқлаштирилмоқда.

Жазони ижро этиш муассасаларида меҳнатга жалб этилган маҳкумларга колониялардаги иш стажини улар умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш тартиби жорий этилмоқда.

Маҳкумларга рағбатлантириш, муддатидан илгари шартли озод қилиш ва жазони енгилроғи билан алмаштириш чораларини кўриш учун асос бўладиган маҳкум тузалиш йўлига ўтганини баҳоловчи аниқ мезонлар белгиланяпти.

Муҳокамалар давомида депутатлар қонун лойиҳаси қабул қилиниши маҳкумлар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кучайтиришга хизмат қилишини эътиборга олиб, уни биринчи ўқишда қабул қилди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид