2 август куни Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳайъати йиғилишида «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китобининг мобил иловаси лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳа ташаббускорлари иловани яратишга 2,6 млрд сўм маблағ ажратишни сўраган. Лойиҳа раҳбари Акмал Холматович Саидов бўлиб, ижрочи ташкилот «Барқарор ривожланиш маркази» нодавлат-нотижорат ташкилоти ҳисобланади.
Йиғилиш ҳайъат раиси, инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ва вазирликнинг «Филология ва ижтимоий фанлар» йўналиши бўйича илмий-техник раиси ўринбосари Қиёмиддин Назаров ўртасидаги қизғин баҳс билан кечди. Kun.uz йиғилишни кузатиб, муҳокамалар чоғидаги мулоқотнинг қисқача мазмунини ёзиб олди.
Вазир: Бу пул қаерга ишлатилади, нега бунча маблағ?
Жасур Икрамшиков, бошқарма бошлиғи: Мобил иловани Google Play’га жойлаштириш, iOS'га жойлаштириш, Creative Cloud, мобил иловани яратишда дизайнер, андроид девелопер, бекэнд девелоперга харажатлар, ундан ташқари, Янги Ўзбекистон ўқув материалларини 1000 ададда чоп этиш, Янги Ўзбекистон ташвиқот рисолалари 1000 адад, мобил илованинг методик қўлланмаси 1000 адад, 10 турдаги реклама харажатлари кўзда тутилган.
Вазир: 100 миллион сўм ойлик кўпми, камми, нега ҳеч ким гапирмаяпти?
Қиёмиддин Назаров: Лойиҳа доирасида хизмат сафарлари ҳам кўзда тутилган. Корея ва Ҳиндистонга бориб мобил илова яратишда тажриба ўрганилади.
Вазир: Ўзи мобил илова яратиш тажрибаси бор-ку, Кореяга бориб ўрганиш шарт эмас. 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясининг онлайн платформаси бор, ишлаб турибди.
Қиёмиддин Назаров: «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси» китоби ҳақида гап кетяпти, китобда муайян даражада назарий жиҳатлар бор. У стратегиядан фарқ қилади. Биз бу масалани жуда ҳам кўп ўрганиб чиқдик.
Бир йилга бешта вазифа қўйилган, шу масалага маблағларни ҳам ажратиб чиқдик. 4та нарса 1000 донадан чиқяпти. Марказ (Барқарор ривожланиш маркази назарда тутиляпти – таҳр.) етмаган пулни ёнимиздан тўлаяпмиз деяпти.
Вазир: Аутсорсингга қанча маблағ беряпти? Аутсорсингга берса, мобил илова тайёр-ку?










