Хитой Тайван билан савдони қисман тўхтатди
Хитойдан Тайванга қум экспорти музлатилди, ХХР бош божхона бошқармаси оролдан цитрус мевалар ва балиқ филеси импортини тўхтатди. Пелоси Тайван парламентига мурожаат қилди.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Тайванга ташрифига жавобан Хитой орол билан савдо алоқаларини қисман тўхтатди. Бу ҳақда 3 август, чоршанба куни Хитой Савдо вазирлигида маълум қилинди.
Унга кўра, қум экспорти музлатилган, тақиқ дарҳол кучга кирди. Материал бетон ишлаб чиқаришда, йўллар, бинолар ва инфратузилма объектларини қуришда кенг қўлланилади.
Бундан ташқари, ХХР бош божхона бошқармаси Тайвандан цитрус мевалар, музлатилган скумбрия филеси ва совитилган бурма балиқларини олиб киришни тўхтатди.
Чекловлар қанча давом этиши номаълум. Хитой Тайваннинг энг йирик савдо шериги ҳисобланади.
Айни пайтда, Нэнси Пелоси Тайван парламентида нутқ сўзлади. У маҳаллий маъмурият раҳбари Цай Инвэнга етакчилиги учун миннатдорчилик билдириб, парламентлараро ҳамкорликни кенгайтиришга чақирди.
«Биз Тайванни дунёдаги энг эркин жамиятлардан бири сифатида биламиз», деди Пелоси.
АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери бўлган самолёт 2 август куни Тайвандаги Тайбэй аэропортига қўнди. Хитойнинг CGTN телеканали хабар беришича, ХХР қирувчи самолётлари бортида Пелоси бўлган лайнер яқинлашиб келаётган вақтда Тайван бўғози орқали орол томон ўтган.
Нэнси Пелосининг Осиё турнеси 31 июль куни бошланди. Сафар дастурига Малайзия, Сингапур, Япония ва Жанубий Кореяга ташрифлар киритилган. Хитой раҳбари Си Цзиньпин АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали мулоқоти чоғида АҚШни Вашингтоннинг Тайван бўйича позициясига нисбатан «ўт билан ўйнамаслик» ҳақида огоҳлантирди.
Гап АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикерининг Тайванга сўнгги 25 йил ичида биринчи ташрифи ҳақида кетмоқда. АҚШ давлат котиби Энтони Блинкеннинг таъкидлашича, Конгресс Оқ уйдан мустақил, ҳукуматнинг тенг ҳуқуқли тармоғи, шунинг учун сафар қилиш қарори «тўлиқ спикерга боғлиқ». Хитой бунга норозилик сифатида АҚШнинг Пекиндаги элчиси Николас Бернсни ХХР ТИВга чақирди.
Мавзуга оид
18:44 / 12.11.2024
Хитойда автомобил одамлар устига бостириб бориши оқибатида 35 киши ҳалок бўлди
22:21 / 11.11.2024
Reuters: Toyota Хитойдаги бизнес стратегиясини ўзгартиради
22:18 / 11.11.2024
Хитой 15 та сунъий йўлдошга эга тижорий ракетани учирди
16:03 / 11.11.2024