Жамият | 17:04 / 04.08.2022
35529
3 дақиқада ўқилади

“4 ойда 5 метр ўсди” – томорқасида павловния етиштираётган сартарош

Навоий вилоятининг Хатирчи туманида яшовчи Отабек Маманазаров томорқада павловния дарахтини етиштириб, даромад қилишни кўзламоқда. 4 ой олдин ўтқазилган ниҳолларнинг соат сайин ўсиши томорқа эгасини ҳам, қишлоқ аҳолисини ҳам ҳайратга соляпти.

Павловния дунёдаги энг тез ўсувчи дарахт турларидан бири ҳисобланади. Унинг ёғочи енгиллиги, сифати ва қимматлиги билан ажралиб туради. Қолаверса, таркибида сув миқдори кам бўлади, ёниш даражаси ҳам паст. Шу сабабли ундан автомобилсозлик, кемасозлик, мебелсозлик ва қурилиш соҳаларида кенг фойдаланилмоқда.

Ўзбекистонда ҳам павловния дарахтини етиштиришга бўлган қизиқиш ортиб боряпти. Ҳукуматнинг тегишли қарори билан республика бўйича тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиқиб, сув танқис, ерости сувлари 30 метрдан пастда жойлашган фойдаланилмаётган захира майдонларда ҳамда ўрмон фондининг сув танқис ёки тупроғи шўр бўлган ерларида павловния плантацияларини ташкил этиш кўзда тутилган. Ушбу мақсад учун ҳар бир лойиҳага 100 гектардан кам бўлмаган қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар очиқ электрон танлов орқали ижарага берилади.

Хатирчи туманининг Зарафшон маҳалласида яшовчи, асли касби сартарош бўлган Отабек Маманазаров ўзининг 15 сотихли томорқасида павловния етиштиришни йўлга қўйган. 4 ой олдин Фарғонадан 100 туп ниҳолни келтириб, томорқасига ўтқазган. Ҳозирда дарахтларнинг бўйи 5 метрга етган.

Ушбу дарахт ҳақида интернет орқали танишиб юргандим. Кейин 100 дона харид қилдим. 3 апрел куни экилган, ҳозирда бўйи 5 метргача етди. Парваришига келсак, ҳафтасига 2-3 маротаба суғорилади. Нури шарбатидан фойдаланса бўлади. Тезроқ томир ёйиб олиши учун бироз биогумус ташлаб чиқдик. Павловниянинг ёғочи пол, мебель, эшик-деразалар ясашда кўпроқ ишлатилади. Яхши томони – бу сув шиммайдиган материал, ёниш даражаси ҳам паст. Даромади 100 млн сўмдан ошар деб турибмиз. Қаламча шаклида кўпайтирсак, даромад яна кўпаяди”, — дейди Отабек Маманазаров.

Павловния етиштириш анча даромадли иш ҳисобланади. Унинг ёғочи дунё бозорида қарағай ёғочидан икки марта қиммат нархга баҳоланади. Шу сабабли Отабек Маманазаров келгуси йилда кўпроқ майдонда павловния плантациясини яратишни ният қилмоқда.

Руслан Сабуров,
Kun.uz мухбири.
Монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов. 

Мавзуга оид