Украиналик генерал Скибицкий нималар деганди ўзи?
Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили бўлмиш генерал Игор Конашенков Украина мудофаа вазирлиги бош разведка бошқармаси раҳбари ўринбосари Вадим Сикибицкийнинг Telegraph нашрига берган интервюсига эътибор қаратган.
Мақолада асосан Украина разведкачилари Ғарб қуроллари келиши бўйича маълумотлар чиқиб кетишининг олдини олаётгани, агентларни аниқлаш жараёни ҳақида сўз боради. Мақола ўртасида шундай савол ўртага ташланади: АҚШ тақдим этаётган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизимлари русларнинг қурол-яроғ ва ёнилғи омборларига, Украина шарқидаги штабларига аниқ зарба бермоқдами?
«Бу борада онлайн режимда олинаётган маълумотлардан ҳам фойдаланамиз», деган украиналик генерал. Бу саволга жавоб берар экан, генерал Скибицкий АҚШ нишонлар бўйича тўғридан тўғри маълумот бермаётгани, бу уларнинг урушда бевосита иштирок этмаслик тўғрисидаги баёнотига зид бўлиб қолишини айтиб аниқлик киритган.
Украиналик генералнинг сўзларидан келиб чиққан ҳолда Британия нашри шундай хулоса қилади: Украина разведкаси ракета зарбалари олдидан америкалик ҳамкасблари билан маслаҳатлашув ўтказиши мумкин, АҚШ қайсидир нишонга бериладиган зарбани тўхтатиб қолиши учун.
«Мен Британия ёки АҚШ сунъий йўлдошларидан фойдаланамизми ёки йўқлигини айта олмайман, лекин бизда сунъий йўлдошдан олинган жуда яхши суратлар бор», деган украиналик генерал.
Бу интервюдан россиялик генерал қандай хулоса қилган?
Россия мудофаа вазирлиги расмий вакили генерал Конашенков бу интервюга асосланган ҳолда Россия эндиликда АҚШни можаронинг бевосита иштирокчиси деб ҳисоблашини айтган. Унинг иддао қилишича, гўёки украиналик генерал HIMARS орқали берилаётган зарбаларни Украина томони АҚШ билан келишиб амалга оширишини айтган.
Аммо генерал Скибицкий суҳбат давомида бундай келишув борлигини айтмаган, аксинча АҚШ HIMARS зарба бериши учун нишонлар ҳақида тўғридан тўғри маълумот бермаслигини таъкидлаганди.
«Россия мудофаа вазирлиги украиналик генерал Скибицкийнинг HIMARS орқали берилаётган ҳар бир зарба Вашингтон билан келишиб амалга оширилаётганини қайд этди ва келажакдаги ҳаракатларда бунга эътибор қаратади», дея Конашенковнинг сўзларини келтирган «Интерфакс».
«Бундан келиб чиқадики, Вашингтон Оқ уй ва Пентагоннинг баёнотларига зид ўлароқ Украинадаги можарога бевосита алоқадор эканини кўрсатади», дея хулоса қилган Конашенков. Унинг иддао қилишича, Жо Байден маъмурияти Донбассдаги аҳоли яшаш кварталларига берилаётган зарбалар учун бевосита жавобгар.


















