Куз-қиш мавсумида ИЭСларимизда қўшимча қувват пайдо бўлади. Бешта янги ҳамкор билан ишга туширилган ИЭСларимиз бор. Шундан учтаси Тошкент вилоятида, биттаси Бухорода, яна бири Хоразмда. Ўтган йили биз уларни деярли ишлатмадик. Худо хоҳласа, келаётган куз-қиш мавсумида уларнинг фойдасини ҳақиқатда сезамиз.
– Истеъмолчига меъёридан ортиқ ёки кам кучланишда электр энергияси берилиши ёки тез-тез узилишлар натижасида аҳолининг ускуналари куйса, суд орқали зарарни қоплатиш имконияти мавжудми? Истеъмолчига зарар қоплаб бериладими?
– Бундай имконият мавжуд. Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларида, ундан ташқари, бир неча қонунда истеъмолчилар ҳуқуқлари аниқ кўрсатиб берилган. Электр таъминотидаги муаммолар туфайли қандайдир қурилмалар ишдан чиққанда ёки истеъмолчи бошқа кўринишда зарар кўрганда, бу ҳақда суд идораларига мурожаат қилиши мумкин.
Истеъмолчи зарар кўришига электр тармоқлари корхонаси сабаб бўлганини судда исботлаб берган тақдирда суд қарорига асосан унга компенсация тўлаб берилади. Айни пайтда қўлимда бундай ишларга доир статистик рақамлар йўқ, лекин истеъмолчилар билан катта-катта суд жараёнлари бўлиб ўтганидан хабарим бор. Айрим ҳолатларда суд истеъмолчи фойдасига, айрим ҳолатларда эса ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига қарор чиқарганига гувоҳ бўлганман.
«Паст кучланишли тармоқларимизда йўқотишлар кўлами анча юқори» – вазир ўринбосари билан суҳбат
Қайси ҳолатларда истеъмолчи ҳақ деб топилади ва унга товон пули тўлаб берилади? Истеъмолчига электр тармоғига уланиш бўйича техник шартлар берилади. Баъзида улар техник шартларни бажармаслиги, мутахассисларимиз томонидан кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларни тўлиқ бажармаслиги кузатилади. Шунинг оқибатида қандайдир зарар кўрса, электр таъминоти корхонаси айбдор деб топилмайди. Лекин техник шартларни тўлиқ бажарган бўлса, айб таъминотчи корхонада бўлади.
– Истеъмолчиларга электр энергияси 220 В кучланишда эмас, ундан пастроқ, масалан, 160-180 В кучланишда етказиб берилаётгани, бунинг натижасида қурилмалар ишламаётгани ҳақида кўплаб шикоятлар бор. Аҳолини паст кучланишли электр энергияси билан таъминлаб, “ток борми, бор”, қабилида иш тутишга сабаб нима бўлмоқда?
– Трансформатор ёки кабель тармоғи зўриқиб ишлаётганда кучланиш тушиб кетади. Қайсидир станциядан электр энергияси камроқ ишлаб чиқарилгани кучланиш тушиб кетишига сабаб бўлмайди. Бошқа тил билан айтганда, биз пасайтириш эвазига электрни аҳолига кам кучланишда бўлсаям тарқатиб бердик деган принцип бу ерда ишламайди. Бу физика қонунларига зид.


















