«Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд Суперкубок учун «Ливерпул»га қарши ўтказилган баҳсда кўнгилни бироз хира қилганди. Аммо Англия Премьер-Лигасидаги дебют ўйинида 2 та гол уриб, «шаҳарликлар»га ғалаба келтирди ва шубҳаларни тарқатиб юборди. Унинг ҳаёти ва фаолиятига оид қизиқарли фактлар билан танишиб олишнинг айни вақти.

Сўнгги мавсумларда Эрлинг Ҳоланд дунё футбол ҳамжамиятининг диққат марказида турибди. Норвегиялик суперюлдуз футболдаги энг қизиқ қаҳрамонлардан биридир. Ўсмирлик даврида саҳнага чиққанидан бери у рекордларни янгилади, дарвозабонларни уялтирди ва худди Килиан Мбаппе каби ўзини Лионел Месси ва Криштиану Роналдунинг меросхўри сифатида кўрсатмоқда.

Ҳоланд нафақат «гол машинаси», балки ғалати ва қизиқарли шахсдир. У Премьер-Лигада гол ура бошлади. GOAL нашри эса унинг ҳаётига оид қизиқарли фактларни жамлади.

Лидсда туғилган – Англия миллий жамоасида ўйнаши мумкин эди

Инглиз футболидан жуда яхши хабардор бўлганлар биладики, Эрлингнинг отаси Альф-Инге ҳам футболчи бўлган ва Премьер-Лигада ўйнаган.

У «Манчестер Юнайтед» яримҳимоячиси Рой Кин билан боғлиқ воқеалар туфайли машҳур. Альфи 1997 йилда «Лидс» таркибида ўйнаганида Рой Кин билан тўқнашиб, унга оғир жароҳат етказган. Оқибатда Кин бир йил даволанишга мажбур бўлган. 2001 йилда эса «Манчестер Сити» таркибида ўйнаганида Кин унга қарши қўпол ўйнаб, жароҳатлаган. Англия матбуоти Кин ундан қасос олиш учун атайлаб қўполлик қилганини ёзган. 2003 йилда Альфи футболчилик фаолиятини якунлаган. Бунга айнан Кин томонидан етказилган жароҳат сабаб бўлгани ҳақида миш-мишлар бор. Аммо Альфи буни ҳар доим рад қилиб келади.

Альфи фаолияти давомида «Ноттингҳем Форест», «Лидс Юнайтед» ва «Манчестер Сити» каби клубларда ўйнаган. Айнан Лидсда унинг ўғли Эрлинг дунёга келади.

Аммо Эрлинг ҳеч қачон Англия миллий жамоаси таркибида ўйнаш ҳақида ўйламаган ва иккиланмасдан Норвегия миллий жамоасини танлаган.

«Сити»нинг мухлиси сифатида тарбияланди