2022 йил 8 август куни Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕБРД), Жаҳон банки гуруҳи аъзоси Халқаро молия корпорацияси (IFC) ва TBC Bank Group PLC компанияси TBC Bank Uzbekistan’га (TBC UZ) умумий миқдорда 35,1 миллион доллар қўшимча сармоя киритди. TBC Bank Uzbekistan Грузиянинг йирик TBC Bank group PLC ҳолдинг компаниясининг шуъба корхонаси ҳисобланади. TBC Bank Group PLC Англия ва Уэлсда рўйхатдан ўтган, компаниянинг акциялари Лондон фонд биржасида котировка қилинади.

Ушбу капитал оширилиши 2021 йил 30 сентябрда TBC UZ, TBC Bank Group PLC, EBRD ва IFC ўртасида имзоланган инвестицион келишув доирасида кўп йиллик молиялаштириш режасининг бир қисми ҳисобланади. Ушбу келишувга кўра, икки институционал инвесторнинг (ЕТТБ ва IFC) ҳар бири TBC UZ’да 20 фоиздан улушларни қўлга киритган эди.

Илк бадал миқдори 18,8 миллион АҚШ доллари, яъни ҳар бир инвестор учун 9,4 миллион долларни ташкил қилди. Шу билан бирга, TBC Bank Group PLC 25,9 миллион доллар инвестиция киритди.

Иккинчи сармоя доирасида EBRD ва IFC ҳар бири $7 миллиондан, TBC Bank Group PLC esa $21,1 миллиондан жалб қилди. Шундай қилиб, TBC UZ’га жалб қилинган инвестицияларнинг умумий миқдори 79,8 миллион АҚШ долларини ташкил этди. Инвестицион келишувга асосан, 2023-2024 йилларда ҳам капитални кўпайтириш режалаштирилган.

TBC Bank Ўзбекистондаги икки йиллик фаолияти давомида йирик ўсиш темпларини кўрсатишга эришди. Банк 2020 йилнинг апрель ойида лицензиясини қўлга киритди ва октябрь ойида тижорий фаолиятини бошлади. Банк TBC Group’га тегишли ва мобиль илова орқали чакана банк хизматларини таклиф этувчи “Space” платформасининг инновацион финтеч базасида фаолият юритади. 2022 йилнинг июлига келиб TBC UZ иловасини 2,4 миллион киши юклаб олди. Айни пайт TBC Bank республиканинг 9 та шаҳридаги шоу-румлари ва бутун мамлакат бўйлаб 33 та “мижозларни фаоллаштириш нуқталари” орқали банк хизматларини тақдим этиб келмоқда.

TBC Bank чакана фойдаланувчиларга онлайн-форматда: пул ўтказиш, кредит, автокредит, депозит, муддатли тўлов, банк карталари ва ҳисобварақлар бўйича тўлов қилиш каби хизматларни тақдим этади. Барча имкониятлардан TBC UZ иловасида фойдаланиш мумкин.

EBRD, IFC va TBC Bank Group PLC инвестициялари TBC Bank операцион фаолияти ривожланишига, банк секторида корпоратив бошқарувнинг халқаро стандартларини илгари суришга ёрдам беради ва Ўзбекистонда рақамли молиявий бозор мустаҳкамланишига ҳисса қўшади.

Янги инвестициялар мамлакат бозорига яқинда кириб келган рақамли банк операцион фаолияти янада ўсишига ва секторда корпоратив бошқарув халқаро стандартларини илгари суришга туртки бўлади.

Спартак Тетрашвили, TBC Bank Uzbekistan бошқарув раиси буни шундай изоҳлади: «Умид қиламизки, ушбу сармоялар нафақат банкимизнинг ривожига, балки бутун мамлакатнинг рақамли соҳаси тараққиётига ҳисса қўшади. Биз халқаро инвесторлар учун Ўзбекистоннинг жозибадорлиги кундан кунга ошиб бораётганига ўз мисолимизда амин бўлмоқдамиз. Республика Марказий банки томонидан ўтказилаётган реформалар бунда муҳим аҳамият касб этмоқда. Янги имкониятлар ва сармоялар бизга мижозлар учун хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга ва фойдаланувчиларимиз учун инновацион рақамли хизматлар тақдим этишга ёрдам беради».