Ҳиндистоннинг Ченнай шаҳрида 29 июлдан 9 августга қадар давом этган Шахмат олимпиадасида ҳар бир досканинг энг яхшиларига индивидуал мукофотлар ҳам топширилди.
Олимпиаданинг сўнгги турида Ўзбекистон жамоаси Нидерландия вакилларини 2,5:1,5 ҳисобида мағлуб этиб, турнир чемпионига айланди.
Ўзбекистонлик спортчилар турнирдаги натижалари эвазига шахсий кўрсаткичларини яхшилаб олишди. Турнир рейтинги махсус жадваллар бўйича рақибларнинг ўртача рейтинги ва натижасига кўра, дастлабки рейтингни белгилаш тартибига ўхшаш тарзда аниқланади. Агар ўйинчининг ушбу турнирдаги кўрсаткичи амалдаги рейтингидан юқори бўлса, бу ўйинчи ўз рейтингини оширади, пастроқ бўлса, уни туширади. Халқаро шахмат федерациясининг шахмат рейтинги ҳар ой янгиланади ва Эло рейтинг тизимининг ҳисоблаш усулига асосланади.

Тўртинчи доскада 27 ёшли Жаҳонгир Воҳидов (2564) 8 учрашув ўтказиб, 5 тасида ғалаба қозонди, шу жумладан, Нидерландия билан ҳал қилувчи ўйинда ҳам, ва у уч бор мағлубиятсиз дуранг қайд этди (8 ўйинда 6,5 очко). Унинг кўрсаткичлари 2813 га етди, бунинг учун у олтин медаль билан тақдирланди.
FIDE рейтингининг навбатдаги янгиланишида унинг кўрсаткичи 19,5 пунктга кўтарилиб, 2583 тага етиши кутилмоқда.
Иккинчи ўринни литвалик 20 ёшли Паулюс Пултиневичюс (2539), учинчи ўринни испаниялик 26 ёшли Хайме Сантос Латаса (2675) эгаллади.

Биринчи доскада 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов 11 тур давомида саккизта ғалабага эришди, жумладан, 10-турда Ҳиндистон-2 жамоаси аъзоси Гукеш Доммаражуга қарши ўйинда муҳим ғалабани қўлга киритди, уч марта дуранг ўйнади ва бир марта мағлуб бўлди (8,5/11). Ўзбекистонлик шахматчи 2688 рейтинг билан 2803 балл кўрсаткич қайд этди. Бунинг эвазига у кумуш медални қўлга киритди. ФИДЕ рейтингининг навбатдаги янгиланишида унинг кўрсаткичи 21 поғонага — 2698 тагача, рейтингдаги ўрни эса 41 (+23) поғонага кўтарилиши кутилмоқда.
Энг яхши кўрсаткични (2867) Ҳиндистон-2 жамоасидан 16 ёшли Гукеш Доммаражу (2684) қайд этди, у 8 ғалаба, икки дуранг ва бир мағлубият натижани кўрсатди (9/11).
Учинчи ўринни жаҳон чемпиони 31 ёшли Магнус Карлсен (2864) эгаллади, у ўз рейтингидан (2803) пастроқ натижа кўрсатди. Шу билан бирга, норвегиялик атиги 9 та учрашув (7,5/9) ўтказди ва турнирнинг сўнгги кунида ўз ўрнини жамоадошига топширди.




















