Россия Украина билан урушда асосан хорижий компонентлардан иборат қуроллардан фойдаланмоқда. Чунки, уларсиз рус қуроллари бир уюм темир-терсакка айланади. Компонентларнинг бир қисми санкцияларни четлаб ўтиб, Россияга олиб кирилган бўлиши мумкин, дейилади Британиянинг Мудофаа тадқиқот институти (RUSI) ҳисоботида.
RUSI Украинада қўлланган ва Украина армияси томонидан қўлга олинган 27 турдаги замонавий рус қуролларининг намуналарини ўрганди. Улар орасида қанотли ракеталар, алоқа тизимлари ва радиоэлектроника мажмуалари бор.
Мутахассислар қуролларни бўлакларга ажратиб, барча қисмларини, жумладан микроэлектроникани ҳам рўйхатга олиб, таснифлаб чиқишди. Компонентларнинг таърифи ва серия рақамлари импорт-экспорт бўйича маълумотлар, Россия давлат харидлари, шунингдек, ҳарбий қуролларнинг дислокацияси ҳақидаги разведка маълумотлари билан таққосланди. Натижада, мутахассислар ушбу намуналарда АҚШ, Европа ва Шарқий Осиёда ишлаб чиқарилган камида 450 турдаги импорт қисмларини аниқлади.
«Россия ҳарбий ҳаракатлари кўп жиҳатдан разведка зарбасига боғлиқ: нишонни топиш, сўнгра уларни ўққа тутиш. Биз бу занжирнинг деярли ҳар бир қисми хорижий компонентларга боғлиқ эканини аниқладик», дейди RUSI катта илмий ходими ва ҳисобот муаллифларидан бири Жек Уотлинг.
Ғарбда ишлаб чиқарилган муҳим компонентлар бўлмаганида, Россия 2014 йилда ва ҳозирда Украинадаги урушни давом эттира олмасди. Оддий мисол: дастлаб, Россия ҳарбийлари «Орлан-10» дрони ёрдамида нишонни аниқлашади. Сўнгра координаталар «Акведук» радиоалоқа мажмуаси ёрдамида узатилади. Кейин «Торнадо-С» тизими орқали нишонга ракета учирилади.

RUSI мутахассислари «Орлан-10» дронида япон двигатели, Швейцария компаниясининг микроконтроллери асосидаги бошқарув тизими ва Америка ускуналари ўрнатилган камера учун мўлжалланган қисмни топишди. «Акведук» мажмуасида 10 дан ортиқ хорижий компонентлар бор. «Торнадо-С» ракетасининг муҳим навигация элементлари Америка компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.
Шунингдек, Россиянинг 9М727 ва Х-101 қанотли ракеталарида ҳам Американинг йирик заводларида ишлаб чиқарилган 30 дан ортиқ компонент борлиги аниқланган. Умуман олганда, Россия қуролларида топилган 450 та хорижий компонентнинг 70 фоизи АҚШ компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган.


















