Ўзбекистон | 08:14 / 11.08.2022
24480
1 дақиқада ўқилади

Россияга исириқ олиб киришга уринган Ўзбекистон фуқароси умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин

Новороссийск божхоначилари Ўзбекистондан келган контейнердан Россияда гиёҳвандлик моддаси ҳисобланган бир тоннадан ортиқ исириқни аниқлади. Бундан хабари бўлмаган жўнатувчи шахс умрбод қамоқ жазоси ва миллион рублгача жаримага тортилиши мумкин.

Фото: iStock

Ўзбекистондан Новороссийск портига келган контейнерда россиялик божхоначилар бир тоннадан ортиқ исириқ топди. Кейинчалик у юк кемасида Яқин Шарқ давлатларидан бирига юборилиши керак эди, деб хабар берди «Кубань 24» телеканали.

Контейнерда исириқдан ташқари, қуритилган мевалар, наъматак, идиш-товоқ ва зиғир ёғи ҳам бор эди.

«Божхона кўригидан ўтказиш чоғида кейинги тадқиқотлар учун қуритилган ўсимликдан намуналар олдик. Экспертиза шуни кўрсатдики, «гармала» кўп йиллик ўт ўсимлиги таркибида Россия Федерациясида назорат қилинадиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва уларнинг прекурсорлари рўйхатига киритилган «гармин» гиёҳвандлик моддаси бор», - деди Новороссийск божхона пости бошлиғи Вадим Пронин.

Контрабанда факти бўйича жиноий иш қўзғатилган. Юкни юборган шахс умрбод қамоқ жазоси ва миллион рублгача жаримага тортилиши мумкин. 

Мавзуга оид