«Бу HIMARS эмасди». CNN Оленивка колониясидаги портлаш бўйича суриштируви натижасини эълон қилди
Россияликларнинг Оленивкадаги колония Украина томонидан ўққа тутилгани тўғрисидаги версияси рад этилди.
CNN телеканали «ДХР» ҳудудидаги украиналик ҳарбий асирлар, жумладан «Азов» полки жангчилари сақланган Оленивка қамоқхонаси ўққа тутилиши бўйича суриштирув ўтказди. 29 июл куни бу ерда, РФ мудофаа вазирлиги маълумотига кўра 50 нафар украиналик ҳарбий асир ҳалок бўлиб, яна 73 нафари яраланган. Москва «қонли қирғин» «Зеленскийнинг жинояткор режими» томонидан уюштирилгани, украинлар колонияни америкаликлар етказиб берган HIMARS баравар ўт очиш реактив тизими (россиялик пропагандачилар ҳатто гўёки Оленивка колонияси ҳудудидан топилган ракета парчалари акс этган видеони тарқатишган) орқали ўққа тутилганини маълум қилган. Киевдагилар «асирларни қийноққа солиш ва қатл этиш изларини яшириш» учун зарбани Россиянинг ўзи берганини иддао қилган.
CNN экспертлари Оленивкада ҳужумдан олдин ва кейин олинган ҳамда очиқ манбаларга жойлаштирилган видеолар ва фотосуратларни таҳлил қилиб шундай хулосага келдики, воқеалар ривожи бўйича россияликлар келтирган версия, катта эҳтимол билан ўйлаб топилган, омборга HIMARS ракеталари билан зарба берилгани истисно қилинади.
Ҳалок бўлган асирлар сақланган барак бузилиб кетмаган: деворлар ва томнинг катта қисми бутун қолган. Бино ичкарисида ёнғин рўй берганига далиллар мавжуд.
Қуроллар бўйича мутахассис Крис Кобб-Смит CNN билан суҳбатда айтишича, HIMARS зарбаси анча жиддий зарар келтирган бўларди. «Видеода воронка кўринмайди, каравотлар жойидан силжимаган, устунлар қуламаган, аммо ёнғин оқибатида етказилган жиддий зарар кўриниб турибди. Агар бу баравар ўт очиш реактив тизимининг бошқарилувчи зарбаси бўлганида, биз ўраларни, девор ва шифт бузилиб кетганини, жасадлар парчаланиб ётганига гувоҳ бўлардик», — деган у. Кобб-Смитнинг ҳисоблашича, бинога ракета туфайли эмас, интенсив ёнғин туфайли зарар етган.
Ўз версиясини тасдиқлаш учун CNN Нова Каховкадан олинган сунъий йўлдош тасвирларини келтиради, бу ерда 12 июл куни HIMARS томонидан учирилган ракеталар россияликларнинг ўқ-дори омборларини портлатганди — натижада бино ўрнида улкан ўралар ва вайронгарчиликлар юзага келган.
Кобб-Смит HIMARS ракеталари қолдиқлари сифатида кўрсатилган парчалар россиялик журналистлар томонидан воқеа жойининг ўзида тасвирга олинмаганини ҳам ғалати деб атади. «Ҳар қандай суриштирувнинг асос элементи ўқ-дори қолдиқларини топилган жойида тасвирга олиб, визуал далиллар тўплаш ҳисобланади», — дея қайд этади эксперт.
АҚШ расмий шахслари ҳам Оленивкада америкаликларнинг баравар ўт очиш реактив тизими қўллангани тўғрисидаги версияни инкор этган. «Бу аниқ HIMARS эмасди», — деган CNN билан суҳбатда шахсини ошкор этишни истамаган юқори мартабали мулозим.
«Портловчи моддалар бўйича экспертларимизга бу ташқаридан йўлланган фугас портлаши эмаслиги аён бўлди. Катта эҳтимол билан, бу бинога ичкаридан ўт қўйилиши бўлган», — деган Ғарбдаги яна бир манба.
Бундан ташқари, CNN сўровига жавоб берган таҳлилчилар Украина фронт чизиғидан атиги 15 километр масофада жойлашган Оленивкадаги колонияга ҳужум қилиш учун HIMARS орқали ўт очиши мантиқсизлик бўлишини айтишган. HIMARS — узоқ масофадаги нишонларга зарба бериш учун қўлланадиган қимматбаҳо қурол ҳисобланиб, уч 300 километргача бўлган масофадаги нишонларни йўқ қилишга қодир. «Уни [HIMARS] бундай қўллашдан маъно йўқ. Украинларда бундай қисқа масофа учун бошқа қуроллар бор», — деган CNN’га НАТО расмий вакили.
Мавзуга оид
00:28
АҚШ Украинани ҳарбий хизматга чақирув ёшини 18 га туширишга чақирмоқда
21:58 / 27.11.2024
Кипр ҳукумати россиялик ва украиналик миллиардерларнинг «олтин» паспортларини олиб қўйди
21:03 / 27.11.2024
Учинчи жаҳон урушидан қўрққан подкастер Жо Роган Зеленскийни сўкди. Унга Кличко ва бошқа украинлар жавоб қайтарди
17:32 / 27.11.2024