19 август куни Миллий матбуот марказида Ўзбекистон экологиясига масъул идораларнинг жамоатчилик эшитуви ўтказилди.
«Экоҳаракат» ташаббуси билан ўтказилган тадбирда Экология қўмитаси раиси ўринбосари Исломбек Боқижонов ҳам қатнашиб, Ўзбекистонда дарахт кесилиши ҳолатлари барҳам топмаётгани сабаблари бўйича ўз фикрларини билдирган.

«Дарахт ва буталарнинг ноқонуний кесилиши ҳолатларига қарасак, 2022 йилнинг 7 ойи давомида 2 минг 694 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, ҳуқуқбузарларга нисбатан 4,2 млрд сўм маъмурий жарима ва 4,9 млрд сўмзарар суммалари белгиланди.
2022 йилнинг 7 ойида эса жами 1027 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган бўлиб, бу 2021 йилнинг шу даврига нисбатан (2227 туп қимматбаҳо дарахтлар кесилган) 55 фоизга камайган.
Аммо савол туғилади, нега мораторий эълон қилинганига қарамай, бу каби ҳолатлар барҳам топмаяпти?
Биласиз, 2021 йил 30 декабрда президент қарори билан дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган эди.
Ўша қарорда мораторий қоидаларини бузган фуқароларга маъмурий жарималар миқдорини беш бараварга ошириш бўйича қонунчиликка таклиф киритиш банди ҳам бор эди. Биз бу бўйича қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, Қонунчилик палатасига тақдим қилдик.
Аммо мана бешинчи ой кетяптики, лойиҳа қонун сифатида тасдиқланмади. Биринчи ўқишдан ўтган, иккинчи ўқишга тайёрланмоқда. Ўйлашимча, бу қонун қабул қилинадиган бўлса, дарахт кесилишларига қарши самарали таъсир чора бўлган бўларди», деди Боқижонов.
Хабарни тайёрлаш жараёнида қонун лойиҳасининг тасдиқланиши нега кечикиб кетаётгани билан қизиқдик. Мавзу борасидаги суриштирувлар давомида эса қонун лойиҳаси тасдиқланишининг кечикаётгани билан боғлиқ қизиқ ҳолат юзага чиқди.
Экология қўмитасининг вазиятдан бевосита хабардор ходимига кўра, қўмита апрел ойидаёқ «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиб, қонунчилик палатаси муҳокамасига киритган.
«Лойиҳа билан дарахтларни кесганлик ва уларга шикаст етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш кўзда тутилганди. Аммо у ҳамон тасдиқланмай турибди. Бунга эса чиндан ҳам, қўмита раисининг биринчи ўринбосари Умарбек Халилов ва депутатлар ўртасида юзага келган тортишув сабаб бўлди.















