Жаҳон | 08:09 / 22.08.2022
19026
2 дақиқада ўқилади

Россияда юз берган ЙТҲ оқибатида 16 киши ҳалок бўлди 

Уляновск областининг Николаевский туманида микроавтобус ва иккита юк машинаси тўқнашиб кетди. Вилоят губернатори маълумотларига кўра, автоҳалокатда жабрланган уч кишининг аҳволи оғир.

Фото: azertag

Уляновск областида 21 август, якшанба куни микроавтобус ва иккита юк машинаси тўқнашиб кетди. Николаевский туманининг Николаевка қишлоғи яқинида М-5 Урал йўлида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди, деб хабар берди вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати. ИИВ область бошқармаси хабарига кўра, юк машиналаридан бирининг ҳайдовчиси ўз вақтида тезлигини пасайтирмаган ва микроавтобусга бориб урилган. 

Дастлабки маълумотларга кўра, ЙТҲ оқибатида 16 киши ҳалок бўлган, деб хабар берилди Уляновск области ҳукумати сайтида. Терговчилар мазкур ҳолат юзасидан «Йўл ҳаракати ва транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш» моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди. 

Уляновск области губернатори Алексей Русскихнинг сўзларига кўра, ЙТҲда жабрланганларнинг уч нафари оғир аҳволда, Николаев тумани шифохонаси шифокорлари уларнинг ҳаёти учун курашмоқда. «Барча зарур тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Биз беморларни Уляновск шаҳрида жойлашган вилоят ихтисослаштирилган травматология марказига ўтказиш учун тайёрлаяпмиз», деб ёзди вилоят раҳбари ўзининг Telegram-каналида. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид