Спорт | 07:47 / 25.08.2022
15524
2 дақиқада ўқилади

Манба: Жалолиддин Машарипов Африканинг энг кучли клуби билан келишувга эришди

Ўзбекистон миллий жамоаси ҳужумкор яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов фаолиятини Африка қитъасида давом эттириши кутилмоқда.

Фото: Ан-Наср

Мисрлик журналист Омар Ёсиннинг твиттердаги саҳифасида маълум қилишича, Саудия Арабистонининг «Ан-Наср» клуби Жалолиддин Машариповни кейинги йил 2 миллион долларга сотиш шарти билан Мисрнинг «Ал Аҳли» клубига ижарага бериш бўйича келишувга эришган. Қоҳира клуби футболчининг бир йиллик ижараси учун Саудия клубига 600 минг доллар тўлаши, Машариповнинг ўзи эса Миср жамоасида йиллик 1,5 миллион доллар маош олиши айтилган. 

Саудиялик журналист Абдулазиз Аз-Замил эса Машарипов «Ал Аҳли» билан келишувга эришгани ва бу ҳақда тез орада расман эълон қилинишини билдирган. 

Kingfut.com нашрининг қайд этишича, «Ал Аҳли» бу йил Миср чемпионатида чемпионликни асосий рақобатчиси «Замалек»га бой бергач, Африка Чемпионлар лигаси финалида эса Марокашнинг «Видад» клубига мағлуб бўлиб, 1992 йилдан буён илк марта катта совринсиз қолгач, Қоҳира клуби президенти Маҳмуд Ал-Хатиб таркибни кучайтиришга киришган ва буни Машариповнинг ўтиши масаласини ҳал қилиш билан бошлаган.

Маълумот учун, 2021 йил «Пахтакор»дан «Ан-Наср»га трансфер қилинган 28 ёшли футболчи якунланган мавсум Саудия Арабистони чемпионатида 26та ўйинда 4 гол ва 6та ассист муаллифлик қилган эди. 

«Ал-Аҳли» клуби Миср Премьер-лигасида 31-турдан кейин 64 очко билан учликдан жой олган. Клуб чемпионликни «Замалек»га бой бергани ойдинлашган. Мисрда чемпионат 31 август куни якунига етади.

Эслатиб ўтамиз, Мисрнинг энг кўп карра чемпиони «Ал Аҳли» Африка Чемпионлар лигасида ҳам энг кўп – 10 марта ғолибликни қўлга киритган. Клуб сўнгги марта 2020/21 йил қитъада тенгсиз бўлган.

Мавзуга оид