Учрашувда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва EPIS ўртасида янги лойиҳани бошлаш бўйича келишув имзоланди. Йил бўйи қулупнай етиштириш бўйича замонавий Корея технологияларини жорий этиш лойиҳаси Корея ҳукуматининг ривожланиш бўйича расмий кўмаги йўналишида тақдим этиладиган грант маблағлари ҳисобига молиялаштирилади. 3,7 млн доллар қийматидаги лойиҳа 2026 йил декабрь ойига қадар амалга оширилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Агрохизматлар маркази (Юқори Чирчиқ тумани) ҳудудида қуёш батареяларида ишлайдиган қулупнай етиштирувчи замонавий иссиқхона қурилади. Кореялик мутахассислар томонидан кўчатлар учун иссиқхона ҳамда юқори сифатли қулупнай кўчатларини етиштириш бўйича лаборатория қурилиб, жиҳозланади.
Лойиҳа давомида қулупнай етиштириш бўйича мутахассисларнинг ҳар йили ўзаро ташрифлари ташкил этилиб, тажриба алмашиш ва малака ошириш кўзда тутилган. Лойиҳа ўзбек қулупнай маҳсулотларининг ички ва ташқи бозорларда брендинги ва маркетингига кўмаклашади.















