Жаҳон | 13:23 / 25.08.2022
10754
2 дақиқада ўқилади

Европага охирги 500 йилликдаги энг ёмон қурғоқчилик хавф солмоқда

Европа қурғоқчилик обсерваториясининг августдаги ҳисоботига кўра, қитъанинг 47 фоизи тупроқ намлиги танқислиги билан огоҳлантириш, 17 фоиз ҳудуди эса фавқулодда ҳолатга тушиб қолган.

Фото: Reuters

Европа Иттифоқи агентлиги маълумотига кўра, қитъанинг 2/3 қисми огоҳлантириш ҳолатига тушиб қолган, деб ёзмоқда Reuters. Қитъа сув йўллари қатновининг қисқариши, электр таъминоти ва далаларда ҳосилнинг камайиши билан боғлиқ муаммолар қаршисида турибди.

Европа Комиссияси назорат қиладиган Европа қурғоқчилик обсерваториясининг август ойидаги ҳисоботида келтирилишича, Европанинг 47 фоизида тупроқ намлиги танқислиги, 17 фоизи фавқулодда ҳолатда турибди ва бу экинлар ҳосилдорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ҳолат – охирги 500 йилликдаги энг ёмон қурғоқчилик деб баҳоланди.

Қитъада август ойи бошидан бери қурғоқчилик кучайган. Бу ҳолат ноябргача давом этиши тахмин қилинмоқда. Қурғоқчиликни бу йил ёзда Европада ҳарорат кескин кўтарилиб кетгани кучайтириб юборган. Натижада ёзги экинлар зарар кўрган.

2022 йилда маккажўхори олдинги беш йилдаги ўртача кўрсаткичдан 16 фоизга паст бўлиши, соя 15 фоизга, кунгабоқар ҳосили фоизга камайиши кутилмоқда.

Маълумот учун, 2022 йил июн-июл ойларида Европанинг бир нечта мамлакатларида 40+ ҳарорат қайд этилиб, “қизил”огоҳлантириш даражаси жорий қилинган эди.

Мавзуга оид