Президент ҳузуридаги Бизнес-омбудсман ҳукумат ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси ва унинг қуйи тизимларида ўрганишлар ўтказган. Натижада 1044 та ҳолатда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилишига йўл қўйилгани аниқланган.

Бизнес-омбудсман офисининг Kun.uz'га маълум қилишича, 815 та ҳолатда тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текшириш ўтказиш билан боғлиқ қонунчилик талаблари бузилган.

Ҳудудлар кесимида Жиззах (660 та), Сирдарё (28 та), Андижон (27 та), Фарғона (20 та), Самарқанд (10 та), Тошкент (8 та), Бухоро (7 та) ва Хоразм (3 та) вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида (52 та) бундай камчиликларга йўл қўйилган.

Шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқишда 198 та ҳолатда ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилган. Мисол учун:

Агросаноат мажмуи устидан назорат инспекцияси Андижон вилояти Қўрғонтепа тумани бўлими катта инспектори Анорбой Хўжамбердиев томонидан тумандаги 14 та фермер хўжаликларининг фаолиятида белгиланган тартибни бузган ҳолда текширувлар ўтказилган. Натижада А.Хўжамбердиев Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан МЖтКнинг 2412-моддасига асосан маъмурий жавобгарликка тортилиб, унга нисбатан 10,8 миллион сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Инспекциянинг Сирдарё тумани бўлими катта инспектори Давронбек Нурулаев томонидан текширув ўтказиш тўғрисидаги буйруқда кўрсатилмаган шахс билан биргаликда 4 та тадбиркорлик субъектининг фаолиятида текширув ўтказилган. Ундан ташқари, текширувдан олдин тадбиркорлик субъекти текшириш дастури билан таништирилмаган. Натижада, Д.Нурулаев Бизнес-омбудсман девони ходимлари томонидан МЖтКнинг 2412-моддасига асосан 10,8 миллион сўм жаримага тортилган.