Жаҳон | 13:19 / 27.08.2022
7205
4 дақиқада ўқилади

АҚШ Адлия вазирлиги Трампнинг уйида тинтув ўтказиш асосларини эълон қилди

ФҚБ агентининг махфий кўрсатмасидан маълум бўлишича, махсус хизматлар собиқ президентни махфий ҳужжатларни яширганликда гумон қилган.

Доналд Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳи / Фото: Getty Images

АҚШ Адлия вазирлиги 26 август, жума куни собиқ президент Доналд Трамп қароргоҳида ой бошида ўтказилган тинтув учун суд асосларини эълон қилди. Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) аноним агентининг қасамёд остида эълон қилинган кўрсатмасидан маълум бўлишича, январь ойида махсус хизматлар Трампнинг Флоридадаги Мар-а-Лаго қароргоҳида 184 та махфий ҳужжат сақланганлигини аниқлаган, шундан сўнг у ерда бошқа махфий файллар ҳам бор деган тахмин юзага келган.

Адлия вазирлиги томонидан чоп этилган 38 бетли аффидевитнинг (қасамёд остида берилган кўрсатма) деярли ярми хавфсизлик нуқтайи назаридан махфийлаштирилган. Давом этаётган тергов билан боғлиқ бўлган бундай ҳужжатларнинг нашр этилиши ноодатий қадамдир, деб таъкидлайди The Washington Post (WP). Бу оммавий ахборот воситалари ва 2024 йилги президентлик сайловлари муносабати билан жамоатчиликнинг юқори қизиқишини билдирган турли манфаатдор томонларнинг кўплаб талаблари туфайли амалга оширилди, дея қайд этади WP. 

Гувоҳликка кўра, 2022 йил январь ойида АҚШ Миллий архивлар ва ёзувлар бошқармаси талаби билан Трамп қароргоҳидан 15 қути ҳужжатлар олиб келинган, улар орасида «махфий» деб белгиланган ва «миллий хавфсизлик соҳасига оид маълумотлар» бўлган файллар ҳам бўлган. Жами 184 та, жумладан, 67 та «яширин», 92 та «махфий» ва 25 та «ўта махфий» ҳужжат топилган. Айримларида Трампнинг ёзувлари борлиги аниқланган, деди ФҚБ расмийси. 

Бу ФҚБни махфий ҳужжатлар нима учун олиб чиқилгани ва нотўғри жойда сақланганини текширишга ундади, дейилади баёнотда. Текширувдан сўнг разведка агентлиги Трамп қароргоҳида бошқа махфий файллар сақланганига «эҳтимолий асослар бор» деган хулосага келди. Шундан сўнг, махфий хизмат 5 август куни судья томонидан маъқулланган тинтув сўровини юборди, дейилади кўрсатмада. 

8 август куни қароргоҳда тинтув ўтказилди, натижада ФҚБ ходимлари инвентаризацияга кўра ётоқхона, офис ва омборхонадан яна 20 қути нарсаларни олиб кетишди. Якунда яна 11 та махфий ҳужжатлар тўплами аниқланган, улар сўров бўйича қайтарилмаган.

Терговга яқин икки манба The Washington Post газетасига маълум қилишича, топилган материалларнинг баъзилари жуда махфий ва АҚШнинг разведка маълумотларини йиғиш амалиёти ҳақида маълумот бериши мумкин. Бу маълумот «биз сақлайдиган энг махфийларидан бири», дея қўшимча қилди улардан бири. Аввалроқ нашр ФҚБ ядро қуролига оид махфий ҳужжатларни қидиргани ҳақида хабар берганди.

Доналд Трамп тинтувдан сўнг ордер ва олиб қўйилган ҳужжатлар рўйхатини чоп этишга халақит бермаслигини айтди. «Мен бу ҳужжатларнинг эълон қилинишига эътироз билдирмайман. Бу ҳужжатларни зудлик билан эълон қилишга чақираман», деб ёзди у ўзининг Truth Social саҳифасида. 

Собиқ президентнинг ҳимояси 26 август куни судга «қўшимча» ариза билан мурожаат қилиб, ҳукуматдан Мар-а-Лагода олиб қўйилган ҳужжатларни ташқи кузатувчи тайинланмагунча текширишни тақиқлашни талаб қилди, деб хабар бермоқда Reuters. 

Трампнинг адвокатлари уларнинг илтимосномаси қаноатлантирилиши кераклигини айтишди, чунки эълон қилинган аффидевит «ортиқча таҳрирланган» ва «Трампга рейд нима учун содир бўлганини ёки уйидан нима ўғирланганини тушунишга имкон берадиган озгина маълумотни ўз ичига олади». 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид