2022 йил 26 август куни Россия тинчликпарвар кучлари бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлган олти километрлик тоғ йўли бўлмиш Лочин йўлаги устидан назоратни Озарбойжонга топширди. Бу йўл Арманистон ва Тоғли Қорабоғни боғлайди.

Озарбойжон армияси Лочин шаҳарчасини эгаллади, Сус ва Забух қишлоқлари ҳам назорат остига олинди, деб хабар берди мамлакат президенти Илҳом Алиев. «Барча Лочин аҳолисини ва Озарбойжон халқини ушбу байрам билан табриклайман», — деб ёзди у Twitter саҳифасида.

«Йўлакда» икки йил

Иккинчи Қорабоғ уруши 44 кун давом этган ва 2020 йил 10 ноябрда якунланганди – ўша куни Озарбойжон президенти ва Арманистон бош вазири Владимир Путин воситачилигида қўшма баёнот имзолайди. Аслида, бу Арманистоннинг таслим бўлишини англатарди.

Ўт очишни тўхтатиш ва 1994 йилдан бери арман кучлари назоратида бўлган Тоғли Қорабоғ атрофидаги ҳудудларни Озарбойжонга қайтаришдан ташқари, Илҳом Алиев ва Никол Пашинян ўшанда Арманистонни Хонкенди (Степанакерт, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ Республикаси маркази) билан боғлайдиган ягона қуруқлик йўли – Лочин йўлагини нима қилиш ҳақида ҳам келишиб олганди.

Уруш якунларига кўра, Қорабоғ тоғ тизмасининг жануби-ғарбий ён бағрида жойлашган кичик Лочин шаҳарчаси қарийб ўттиз йилдан сўнг Озарбойжон таркибига қайтади. Шаҳарни ва Арманистондан Тоғли Қорабоғгача бўлган йўлни Россия тинчликпарвар кучлари назорат қила бошлайди. Бунинг учун уларга беш йиллик мандат берилади, уни узайтириш имконияти ҳам бор.

Аввалига бу осон бўлмади: расман бу ҳудуд Озарбойжонники бўлишига қарамай, «ўтиш даври»да фақат Арманистон паспорти эгалари Лочинга рухсатсиз кириши мумкин эди. Озарбойжон ҳарбийлари эса йўлак бўйлаб қилинган ҳар бир ҳаракатни россияликлар билан келишиб олиши лозим эди. Ҳатто рухсат берилган тақдирда ҳам озарбойжонликларни россиялик ҳарбийлар кузатиб боришарди.

Фото: ANDREY BORODULIN/AFP VIA GETTY IMAGES

«Аввалига улар норози бўлишарди. Лекин биз бу тинчлик битими шартлари эканини тушунтирардик. Унда президент имзоси бор, шундай экан, марҳамат, уни бажаринг деганимиздан сўнг тинчланишарди», деганди россиялик тинчликпарвар посбон 2021 йил мартида.

Бир неча километр узунликдаги тоғли йўлда тез-тез можаролар содир бўларди. Бу ердан ўтиб кетаётган озарбойжонликлар автомобиллар ойнасига давлат байроғини осиб, бу ўз ҳудуди эканини билдиришарди. Буни кўрган арманлар уларга ҳақоратли ишора қилишарди.