2022 йил 1 июлдан бошлаб, очиқ эълон қилиниши керак бўлган ижтимоий аҳамиятга молик маълумотлар рўйхатига киритилган ахборотларни давлат органлари ва ташкилотлари сайти бош саҳифасида алоҳида бўлимга жойлаштирилиши тартиби белгиланган.
Бироқ, 2022 йил 18 июль ҳолатига кўра, 121 та давлат органи ва ташкилоти 37 таси алоҳида бўлимни сайт бош саҳифасида ташкил этмагани, 15 тасида алоҳида бўлим умуман ташкил этилмагани қайд этилди.
Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ижтимоий аҳамиятга молик маълумотларни ўз сайтида тўлиқ эълон қилинишида бир қатор жиддий камчиликларга йўл қўйилаётгани айтиб ўтилди.
Семинарда давлат органлари ва ташкилотлари очиқлик бўйича амалга оширилаётган ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси тизими жорий этилгани ҳақида маълумот берилди.
Очиқлик индекси “0” баллдан “100” баллгача баҳоланиб, давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти самарадорлиги “яшил”, “сариқ”, “қизил” тоифаларга ажратилади.
Мутахассис ва экспертларидан иборат таркибда очиқликни таъминлаш соҳасида ишлар самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссияси фаолияти йўлга қўйилди. Комиссия давлат органлари ва ташкилотлари очиқлик индексини баҳолаш натижаларини кўриб чиқадиган ҳамда очиқлик индексини ҳисоблаш ҳақида якуний қарор қабул қиладиган, мувофиқлаштирувчи орган ҳисобланади.















