Сомон йўли галактикаси 100 млрддан ортиқ юлдузларни жамлаган ва улардан бири – бизнинг Қуёшимиз. Бу газли шар Қуёш тизимининг 99,8 фоиз массасига эга, унинг диаметри Ер диаметридан 109 баробар каттароқ.

Юлдузимизнинг қаърида содир бўлаётган ядровий реакциялар туфайли Қуёш сиртида ҳарорат Целсий шкаласи бўйича 5000 даражага етади. Шу сабабли у астрономларнинг диққатини ўзига жалб қилган жуда қизғин ва қизиқарли объект ҳисобланади.

Қуёш сиртида кузатиладиган доғлар сайёрамиз ўлчамидан ҳам бир неча баробар катта. Бу доғлар ҳар 11 йилда Қуёшда рўй берадиган табиий цикл – юлдузнинг коинотдаги «об-ҳаво»га таъсир ўтказувчи фаоллигидан сўзлайди.

Қора доғлар қуёш чақнашларига сабаб бўлади, чақнаш туфайли тожсимон отилишлар содир бўлади. Натижада Қуёшни ўраб турган фазога магнит заррачаларидан иборат булутлар ажралиб чиқади.

Геомагнит булутлар инсоният учун янгилик эмас, 1859 йилги Қуёш фаоллиги тарихдаги энг кучли геомагнит бўронига сабаб бўлган, 1989 йилги бўрон эса электр ускуналарини ишдан чиқарган.

Бундай табиий офат бугунги кунларда ҳам рўй бериши мумкинми? Астрономлар бу саволга жавобни бор-йўғи 48 соат ичида ўлчамларини ниҳоятда катталаштирган Қуёш доғларини кузата туриб топишга ҳаракат қилишмоқда. Бу ҳақда Hi-news.ru мақоласида сўз боради.

Қуёш – юлдуз тизимимизнинг маркази

Қуёш цикли

Бошқа юлдузлар сингари Қуёш ҳам унинг магнит майдони ҳамда 11 йиллик циклини шакллантирувчи водород ва гелий атомлари ядроси – зарядланган зарралари «омихта»сидан иборат қайноқ газли шардан иборат. Бу ҳар 11 йилда юлдузнинг шимолий ва жанубий қутблари унинг сирти фаоллигига таъсир кўрсатиб, ўз ўрнини алмаштиришини билдиради. Мана шу аснода Қуёш доғлари ҳам пайдо бўлади.

Оддийроқ қилиб айтганда, вақт ўтиши билан Қуёш фаоллашади ва унинг сиртидаги доғлар миқдори орта бошлайди. Циклнинг бошланишини тадқиқотчилар Қуёш минимуми деб атайди, ўртасини эса Қуёш максимуми.

Қуёш минимуми ва максимуми ўртасидаги фарқ мана шундай кўринишга эга