16:34 / 02.09.2022
4562

Украина бош вазири россияликлар учун туристик визаларни тақиқлашга чақирди

Европа иттифоқи Россия жамияти устига «совуқ сув қуйиб юбориши керак», деди Денис Шмигал Германияга ташрифи олдидан.

Фото: AP

Украина бош вазири Денис Шмигал Европа иттифоқини Россия фуқароларига туристик ва талабалик визаларини беришга тақиқ жорий этишга чақирди. «Россия жамияти учун сайёҳлар ва талабаларга виза беришни тақиқлаш шаклида совуқ сув қуйиб юборишни ташкил қилиш керак», деди у 2 сентябр, жума куни dpa агентлигига Германияга ташрифи арафасида берган интервьюсида.

Шмигал қайд этишича, россияликларнинг қарийб 80 фоизи Украинага қарши урушни қўллаб-қувватлайди. «Афсуски, бу фақатгина Путиннинг уруши эмас. 200 минг рус аскари Украинага қарши жанг қилмоқда. Уларнинг оилалари ҳам қарши эмас, бутун аҳоли бу урушни қўллаб-қувватламоқда», - дейди сиёсатчи. 

Шмигалнинг фикрича, русларни «яхши ва ёмон»га бўлиш мумкин эмас. Бироқ, баъзи Россия фуқароларининг «Ғарбда яхши яшаши, таътилга бориб келиши, ширин ҳаёт кечириши»ни у «чидаб бўлмас» деб атади. 

Шмигал 3 сентябр куни Берлинга келади, эртаси куни эса Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашади. Шу тариқа, у Россия томонидан Украинага қарши уруш бошланганидан бери Берлинга ташриф буюрадиган энг юқори мартабали украиналик сиёсатчига айланади.

Август ойи бошида Европа иттифоқи Киевга янги макромолиявий ёрдам пакетидан 1 миллиард евро ўтказди. 1 август куни Денис Шмигал Украина ушбу пакетдан дастлабки 500 миллион евро олганини эълон қилиб, 2 августда яна 500 миллион евро олинишини таъкидлади. Бош вазир сўзларига кўра, бу маблағлар Киевнинг «биринчи навбатдаги бюджет эҳтиёжларини молиялаштиришга» ёрдам беради

Бундан ташқари, Украина ҳукумати раҳбари Германиядан яна молиявий ёрдам олишдан умидвор. «Шунингдек, канцлер Шольц Халқаро валюта жамғармаси ва Еврокомиссия орқали кейинги ёрдам кўрсатишда етакчи рол ўйнашини кутамиз. Халқаро ёрдамсиз Украина иқтисодиёти гиперинфляция хавфи остида», - деди Шмигал. 

Мавзу
Россия-Украина уруши
2022 йил 22 феврал куни Россия Украина чегарасидан ўтиб, қўшни мамлакатга бостириб кирди. Украина армияси жанг таклиф қилди.
Барчаси
Top