Ўзбекистон | 12:49 / 06.09.2022
7552
2 дақиқада ўқилади

2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 5,4 фоизга ўсди – Темур Ишметов

Фото: KUN.UZ

Жорий йилнинг биринчи ярмида фойда солиғи тушумлари 18,6 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йил даражасида сақлаб қолинган. Бунга асосий сабаб сифатида олтин ва мис қазиб чиқарувчилар учун оширилган солиқ ставкасининг пасайтирилиши келтирилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида Молия вазири Темур Ишметов маъруза қилиб, давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2022 йил биринчи ярим йиллик якунлари бўйича ижроси тўғрисида ҳисобот берди.

Қайд этилишича, биринчи ярим йилликда Ўзбекистон ЯИМ ҳажми 394 трлн сўмни ташкил этган ҳолда, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоизга ўсган. Шунингдек, ҳисобот даврида ташқи савдо айланмаси 25 млрд долларни ташкил этиб, 32,4 фоизга ошган.

2022 йилнинг дастлабки олти ойи давомида бюджет даромадлари 93 трлн сўмни ташкил этиб, 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 18 трлн сўмга кўпайган.

“Жорий йилнинг биринчи ярмида фойда солиғи тушумлари 18,6 трлн сўмни ташкил қилиб, ўтган йил даражасида сақлаб қолинди. Фойда солиғи тушумлари ўсмаслигининг асосий сабаби олтин ва мис қазиб чиқарувчилар учун оширилган солиқ ставкасининг пасайтирилишидир. Фойда солиғи тушумининг 9,5 трлн сўми ёки 51 фоизи айнан шу олтин ва мис қазиб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келган. Улардан тушумлар ўтган йилнинг шу даврига солиштирганда 2,2 трлн сўм ёки 26 фоизга пасайган. Лекин ушбу корхоналардан йўқотилган фойда солиғи тушуми давлат бюджетига дивиденд шаклида ундирилмоқда”, дея таъкидлади Ишметов.

Шунингдек, ҳисобот даврида мактабгача таълим муассасалари сони 403тага ўсган. Жумладан, давлат боғчалари сони 33 тага, нодавлат боғчалар сони эса 370 тага кўпайган.

Маълумот учун, 2022 йил 1 январдан бошлаб ер қаъридан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари олтин ва мис учун 7 фоизгача (олдин олтин учун ҳам, мис учун ҳам 10 фоиз эди) камайтирилганди.

Мавзуга оид