Украинларнинг Миколайив ва Херсон областлари чегарасида 29 август куни бошланган юришлари бир неча кун ўтиб деярли тўхтаб қолди. Бу Украина қуролли кучлари амалиётининг якуни эмас, балки дастлабки ҳужумларда катта йўқотишлар берилгани ва россияликлар мудофааси ёриб ўтилмагани туфайли олинган оператив танаффус экани ҳақиқатга яқинроқ. Украина қўмондонлиги Херсон йўналишида муҳим устунликка эга, россияликлар буни йўққа чиқариши жуда қийин: РФ армиясида Днепр дарёси орқали уч кўприк ва бир қанча паром орқали ўтиш йўлларидан таъминотни йўлга қўйиш бўйича улкан муаммолар юзага келган, бу йўналишлар доимий равишда украинларнинг ракета зарбаларига учрамоқда.
Армиянинг илк йирик ҳужум амалиёти нега Украина учун катта йўқотишларга олиб келди?
- Украина қўшини (катта эҳтимол билан, янги тузилган ва бунгача мамлакат ғарбидаги ҳудудларда таътилда бўлган бригадалардан иборат) 29 август куни Днепрнинг ўнг соҳилида Қора денгиздан Днепропетровск области чегарасига қадар бўлган бутун фронт чизиғи бўйлаб ҳужумга ўтди.
- Сўнгги ҳафталарда бу йўналишда узоқ муддатли сукунат кузатилган, асосий ҳарбий ҳаракатлар узоқ масофага отувчи артиллерия зарбалари ва фронт ортидаги объектларга ракета зарбалари йўллаш шаклида кечганди. Фақат украинлар қарши ҳужуми бошланиши арафасида қўшимча кучлар етиб келиши туфайли россиялик ҳарбийлар Миколайив областидаги Блаҳодатное (собиқ Комсомольское) қишлоғига ҳужум уюштирган ва уни эгаллаган. Бу орқали россияликларнинг Ингулец дарёси бўйидаги муҳим плацдарми (маркази Снигиревка шаҳрида) кенгайди.
- Истиқболда бу плацдармдан Россия қўшинлари Миколайивга ҳужум қилиши мумкин эди. Аммо украинлар кенг кўламли ҳужумга ўтиш орқали нафақат Ингулецдаги мазкур хавфли плацдармни йўқ қилишни, балки Россиянинг Днепрнинг ўнг соҳилидаги бутун гуруҳини тор-мор этишни мақсад қилган.
Ҳужум бир вақтнинг ўзида олтита йўналишда бошланди:
- Қора денгиз соҳилидаги Александровка ҳудудида;
- Посад-Покровск (Украина қуролли кучлари назоратида) ва Киселевка (РФ қуролли кучлари назоратида) ҳудудлари оралиғида;
- Россиялик ҳарбийларнинг Ингулец дарёси бўйидаги плацдарми ва яқинда эгаллаб олинган Блаҳодатное қишлоғи ҳудудида;
- Украин ҳарбийлари Ингулец дарёси орқали Андривка ва Лозове ҳудудида барпо этган ўтиш йўли орқали (Давидив Брид қишлоғидан жанубда);
- Россия қўшинлари томонидан ушлаб турилган Високопиля ва Олгино ҳудудидаги тепаликларда;
- Кривой Рог томондан Днепр дарёси соҳили бўйлаб.


















