1917 йилда Россияда содир бўлган Октябр тўнтаришидан кейин «болшовой»ларнинг ёлғон ваъдаларига ишониб, компартияга аъзо бўлган ўрта осиёлик зиёлиларнинг қарийб барчаси кейинчалик Сталин қатағонларида йўқ қилинган. Манфур тузум ўзига садоқат билан хизмат қилган инсонларнинг аксариятига раҳм-шафқат қилмаган.

СССР даврида Ўрта Осиё халқларидан иттифоқ миқёсидаги мансабдорлар анча-мунчада тайинланмаган. Тайинланганлари ҳам Москвада эмас, четроқда, масалан, Ташқи ишлар вазирлигида ишлаган. Ана шулардан бири ўтган асрнинг 20-йилларида Ўзбекистонда энг таниқли сиёсатчилардан бири бўлган Назир Тўрақулов эди.

Октябр тўнтаришидан кейин ташкил этилган Туркистон АССРда бир қатор юқори лавозимларда ишлаган, кейинчалик қарийб 10 йил СССРнинг Саудия Арабистонидаги элчиси бўлган Назир Тўрақуловнинг ҳаёти ҳам бошқаларники каби фожиали тугайди. У ҳам Сталин қатағонларида ноҳақ айбланиб қатл этилади. Айнан унинг ўлдирилиши СССР ва Саудия Арабистони ўртасидаги дипломатик муносабатларнинг узилишига сабаб бўлади.

Фото: wikimedia.org

Назир Тўрақулов ҳақида

Назир Тўрақулович Тўрақулов 1892 йилда Қўқон шаҳрида пахта савдоси билан шуғулланувчи йирик савдогар оиласида туғилган. Бошланғич таълимни Қўқондаги «Жадид» мактабида бошлаган Назир Тўрақулов у ерда Ислом дини асослари билан бирга форс, араб тилларини ҳам ўрганади.

Ундан сўнг таҳсилни «рус-тузем» мактабида давом эттиради ва бу ерда рус тилини ўзлаштиради.

Кейин эса руслар очган Қўқон тижорат махсус мактабида ўқийди. 1914-1916 йилларда Москва савдо институтининг иқтисодиёт бўлимида таҳсил олади.

Фото: alamy.com

Император Николай II нинг 1916 йил 25 июндаги «Империядаги рус бўлмаган эркак аҳолини ҳаракатдаги армия районида мудофаа иншоотлари ва ҳарбий алоқа йўллари қуриш ишларига жалб қилиш» ҳақидаги фармони эълон қилинади.

Шундан сўнг 18 ёшли Назир Тўрақулов ҳам мардикорликка олиб кетилади ва у Белоруссияга юборилади.

Назир Тўрақулов рус тилини яхши билгани учун Белоруссияда жойлашган Ғарбий фронт қўмитасида инструктор бўлиб ишлайди ва Минскда «Эркин дала» яширин ташкилотини тузади. Бу ташкилотга, урушга қарши ва инқилоб кайфиятида бўлган талабалар ҳамда ўқитувчилар аъзо бўлган эди.