Жаҳон | 08:58 / 13.09.2022
8804
4 дақиқада ўқилади

Шотландия қиролича Елизавета II билан хайрлашди

Эдинбургдаги видолашув маросимидан сўнг Елизавета II жасади солинган тобут 19 сентябр куни дафн маросими бўлиб ўтадиган Лондонга юборилади. 

Фото: AP

Эдинбургдаги Авлиё Эгидий соборида 12 сентябр, душанба куни Елизавета II билан видолашув маросими бўлиб ўтди. Маросимдан олдин Эдинбургдаги «Қироллик миляси» деб номланган жараён ўтказилди, бунда минглаб одамлар Ҳолируд саройини тарк этган Буюк Британия марҳум қироличасининг тобути бўлган кортежни кузатиб қолди. Бундан олдин саройда қирол Чарлз III’га Эдинбургнинг тантанали калитлари топширилди. Монарх ва қирол оиласининг бошқа аъзолари тобутдан кейин юриб борди.

Соборда Елизавета II’нинг барча тўрт фарзанди онаси тобути ёнида фахрий қоровул сифатида турди. Маросим 10 дақиқа давом этди ва унда малика Анна унда илк бор иштирок этди - у эркаклар мундирида эди, деб ёзади BBC. Айни дамда, минглаб одамлар Елизавета II билан хайрлашиш учун навбатга туришди. Полициянинг AFP’га айтишича, тун бўйи очиқ қоладиган соборга кириш ҳуқуқини кутаётганларга 30 000 та махсус билагузук тарқатилган. 

Марҳум қироличанинг жасади солинган тобут 13 сентябр эрта оқшомгача Авлиё Эгидий соборида қолади, шундан сўнг у Лондон яқинидаги Қироллик ҳарбий-ҳаво кучлари базасига самолётда етказилади. У ердан жасад Букинҳем саройига олиб борилади, у ерда қирол Чарлз III ва унинг рафиқаси Камилла уни кутиб олади. 

14 сентябр куни тушдан кейин тобут Вестминстер саройига етказилади, у ерда тўрт кун давомида ҳамма Елизавета II билан хайрлашиш имконига эга бўлади. Давлат дафн маросими 19 сентябр, душанба куни бўлиб ўтади. Бу кун бутун Буюк Британияда дам олиш куни деб эълон қилинади. 

Эдинбургга келишидан олдин қирол Чарлз III Британия парламентида янги мақомда биринчи марта нутқ сўзлади. У ўз нутқида парламент аъзоларига ҳамдардлик билдирганликлари учун миннатдорлик билдириб, Елизавета II’ни Буюк Британияга фидокорона хизмат қилиш намунаси деб атади. 

«Марҳум малика ҳатто ёшлигида ҳам ўзини ватанга, халқимизга хизмат қилишга, давлатимиз пойдевори бўлган конституциявий бошқарувнинг бебаҳо тамойилларини асраб-авайлашга бағишлаган, фидокорона бурч тимсоли бўлган. Сизларнинг маслаҳатингиз билан мен ундан ўрнак олишга қатъий қарор қилдим», деди Чарлз III. 

Буюк Британия қироличаси Елизавета II 8 сентябр куни 97 ёшида вафот этди. Шотландиядаги Балморал қасрида Елизаветанинг ёнида ўша пайтда тахт вориси шаҳзода Чарлз (ҳозир - монарх Чарлз III) рафиқаси Корнуолл герцогиняси Камилла ва синглиси малика Анна билан бирга эди. Бундан ташқари, қироличанинг иккинчи ўғли, Йорк герцоги шаҳзода Эндрю ва кенжа ўғли, Уэссекс графи шаҳзода Эдвард, шунингдек, набираси шаҳзода Уилям қасрга етиб келишди. Уилямнинг рафиқаси, Кембриж герцогиняси Кэтрин Виндзорда қолди. Яна бир набираси - шаҳзода Гарри Балморалга бироз кечроқ ва рафиқаси, Сассекс герцогиняси Мегансиз келди. 

Бир неча ой олдин Бирлашган Қироллик Елизавета II тахтга ўтирганининг 70 йиллигини нишонлаган эди. У шундай узоқ вақт ҳукмронлик қилган биринчи Британия монархига айланди. 

Мавзуга оид