Жаҳон | 18:56 / 14.09.2022
6793
2 дақиқада ўқилади

Эрдўған Самарқандда Путин билан Озарбойжон ва Арманистон ўртасидаги тўқнашувларни муҳокама қилади – ОАВ

13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон ва Озарбойжон ҳарбийлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди.

Фото: Reuters

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Россия президенти Владимир Путин билан Арманистон-Озарбойжон чегарасидаги жанговар ҳаракатларни муҳокама қилади. Бу ҳақда Reuters ўз манбасига таяниб хабар берди.

Хабарда айтилишича, икки мамлакат президентлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган ШҲТ саммити доирасидаги учрашувда ушбу масалани муҳокама қилади.

ШҲТнинг Самарқанд саммитида Ўзбекистон, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Беларус, Эрон, Мўғулистон, Туркия, Озарбойжон, Туркманистон ва Арманистон етакчилари иштирок этиши кутилмоқда.

13 сентябрга ўтар кечаси Арманистон Озарбойжон билан чегарада ҳарбий ҳаракатлар бошлаганини маълум қилди. Арманистон мудофаа вазирлиги Озарбойжон томони артиллерия, миномёт, дрон ва йирик калибрли ўқ отиш қуролларидан фойдаланганини билдирди.

Ереван эълон қилган маълумотларга кўра, мамлакатнинг Варденис, Сотк, Артаниш, Ишханасар, Горис ва Капан аҳоли манзиллари Озарбойжон кучлари ҳужуми остида қолган.

Арманистон бош вазири Никол Пашинянинг сўзларига кўра, ҳарбий тўқнашувлар давомида 105 нафар арман ҳарбийси ҳалок бўлган.

Аввалроқ Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған Ўзбекистондаги музокаралар чоғида россиялик ҳамкасби Владимир Путин билан Украина донини экспорт қилиш бўйича келишувни муҳокама қилиш ниятида эканлиги ҳақида хабар берилганди.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид