Тожик-қирғиз чегарасида яна отишма юз берди
Қирғиз-тожик чегарасида яна низо келиб чиқди. Томонлар яна бир-бирларини айблади.
Бугун, 14 сентябр куни эрталаб соат 7 ларда Ворух қишлоғи яқинида Тожикистон ва Қирғизистон чегарачилари ўртасида отишма содир бўлди. Бу хабарни «Азия-Плюс»га маҳаллий аҳоли ҳам тасдиқлаб, ўқ овозлари ҳамон эшитилаётганини таъкидлади.
Нашр манбасига кўра, ҳарбийлар Исфара марказидан Ворухга келмоқда.
«Эрта тонгда бизга чегарадаги вазият ҳақида хабар беришди. Ҳозир исфаралик ҳарбийлар Ворухга кетяпти», деди маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.
Айни вақтда, Исфара шаҳар ҳокимлиги Қирғизистон ва Тожикистон чегарачилари ўртасида маҳаллий вақт билан эрталаб соат 7:15 лар атрофида қисқа муддатли отишма содир бўлганини хабар қилди.
«14 сентябр куни соат 07:15 лар атрофида Исфара шаҳри Ворух ҳудудининг Кех чегара жойида Қирғизистон чегарачилари ва ҳарбий хизматчилари ҳеч қандай сабабсиз бу ҳудудда хизмат қилаётган Тожикистон чегара отрядига қарата ўт очган. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, тожик чегарачилари жавоб беришган», — дейилади Исфара маъмурияти хабарида.
Маъмурият маълумотларига кўра, Тожикистон томонидан чегарачилар ва тинч аҳоли вакиллари орасида ҳалок бўлганлар ҳамда жароҳатланганлар йўқ.
Чегарада ўқ узилгани ҳақида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, 24.kg ҳам хабар бермоқда. Маҳкама маълумотларига кўра, ҳодиса бугун, 14 сентябр куни Боткен вилоятининг Булоқбоши ҳудудида содир бўлган.
Маълум қилинишича, Қирғизистон чегарачилари «аввалги келишувларни бузган ҳолда, давлат чегарасининг белгиланмаган қисмида жанговар позицияларни эгаллаган» Тожикистон чегара отрядини аниқлаган.
«Қирғиз томонининг ҳудудни тарк этиш талабига эътибор бермай, тожик чегарачилари ўт очган. Бунга жавобан Қирғизистон чегарачилари ҳам қурол ишлатган. Отишма бошланган, унинг давомида тожик томони миномётлардан фойдаланган», — дейилади хабарда.
Соат 9:40 ҳолатига кўра, ўт очиш вақти-вақти билан бошланяпти ва тўхтаяпти. Дастлабки маълумотларга кўра, қурбонлар ва жароҳатланганлар йўқ.
Шунингдек, ҳозирда Чегара хизматининг Боткен вилояти бошқармаси бошлиғи полковник Қиёлбек Тўлонбоев ва Тожикистон Чегара қўшинларининг Сўғд вилояти бошқармаси бошлиғи генерал-майор Ҳ.Пиракзода ўртасида можаронинг кучайишига йўл қўймаслик мақсадида телефон орқали мулоқот бўлиб ўтгани маълум қилинди.
«Томонлар учрашишни режалаштирмоқда», — дейилади Қирғизистон чегара хизмати хабарида.
Мавзуга оид
13:51
Қирғизистонда содир бўлган зилзила кучи Ўзбекистонда сезилди
21:37 / 20.11.2024
«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темирйўли бўйича музокаралар якуний босқичда – ОАВ
20:34 / 20.11.2024
Қирғизистон ўз фуқароларига Украинани тарк этишни тавсия қилди
18:39 / 20.11.2024