Жаҳон | 09:12 / 16.09.2022
7846
3 дақиқада ўқилади

АҚШ Украинага янги ҳарбий ёрдам пакетини эълон қилди

Киевга ҳарбий ёрдам янги пакетига Американинг HIMARS ЯЎРТ ўқ-дорилари ва артиллерия снарядлари киради, деб хабар берди Пентагон.

Фото: Getty Images

АҚШ президенти Жо Байден Украинага 600 миллион долларлик янги ҳарбий ёрдам пакетини топширишни буюрди, деб хабар берди 15 сентябр, пайшанба куни Оқ уй матбуот хизмати. 

Президентнинг тарқатилган меморандумида айтилишича, у Украинага «600 миллион долларгача» ёрдам ажратиш бўйича «давлат котибига ваколат берган». Ушбу маблағлар Қўшма Штатларнинг «Мудофаа вазирлиги харажатлари моддаларини қисқартириш» ҳисобидан ажратилади ҳамда «ҳарбий таълим ва кадрларни ўқитиш» учун ҳам ишлатилади. 

Пентагон маълумотларига кўра, янги ҳарбий ёрдам пакетига, хусусан, HIMARS ялпи ўт очиш реактив тизимлари учун «қўшимча» ўқ-дорилар, 36 000 та 105 миллиметрли артиллерия снарядлари ва 1000 та аниқ бошқариладиган 155 миллиметрли артиллерия снарядлари киритилган. Бундан ташқари, Қўшма Штатлар Киевга тўртта артиллерияга қарши радар, оғир техникани ташиш учун юк машиналари ва тиркамалар, УУАга қарши тизимлар, миналардан тозалаш ускуналари, Claymore пиёдаларга қарши ўқ-дорилари, портловчи моддалар, ўқотар қуроллар ва улар учун патронлар, тунги кўриш мосламалари, совуқ ҳарорат учун кийим-бошлар ва бошқа дала жиҳозларини етказиб беради, дейилади хабарда. 

«Украинанинг жанг майдонидаги ўзгарувчан эҳтиёжларини қондириш учун Қўшма Штатлар иттифоқдошлари ва ҳамкорлари билан Украинага асосий имкониятларни тақдим этиш бўйича ишлашда давом этади», — дея таъкидлади Пентагон. 

Россиянинг Украинага ҳарбий бостириб кириши бошланганидан бери Вашингтон Киевга хавфсизлик учун ёрдам сифатида тахминан 15,1 миллиард доллар йўналтирди. 

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен янги ёрдам пакетининг ажратилишига изоҳ берар экан, «президент Байден Украина халқини керак бўлган вақтгача қўллаб-қувватлашимизни очиқ айтди», деди. Давлат котиби сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Украинага «жанг майдонидаги вазиятни ўзгартириш ва вақти келганда музокаралар столидаги ўрнини мустаҳкамлаш» имконини тақдим этяпти. 

Мавзуга оид