Тошкентда давом этаётган “Ипак йўли дурдонаси” XIV Тошкент халқаро кинофестивалида жиддий можаро юз берди. Бу ҳақда киношунос журналист Шохира Ҳамро ўз Facebook саҳифасида ёзиб қолдирган.

“Ҳозиргина ҳаётий сабоқнинг энг каттаси рўй берди. Яна қаерда денг? Турк киноси кунлари ўтаётган Форумлар саройи саҳнасида! Юзлаб ўзбек мухлислари кўз ўнгида! Бизнинг “юлдузлар”нинг ҳам баъзилари залда эди, зора улар учун ҳам сабоқ бўлса. Ҳозир бир бошидан гапириб бераман. Хуллас, биринчи суратда кўриб турганингиздек, Туркиядан ташриф буюрган 9 та актёр саҳнага чиқиб, ҳурмат сақлаб томошабин билан юзма-юз бўлишди.

Лекин ўзбек “буракшунослари” ва Яшилчой мухлислари тадбирнинг ярмини уларни кутиб, кўчада ўтказишганига қарамасдан ва саҳнада бошловчилар икки қайта тантана билан эълон қилишса-да, бу иккиси чиқмади. Ва ниҳоят Нургул Яшилчой саҳнани бир бурчагидан чиқиб, ўша ерда қотди. Ҳамюрт ҳамкасбларига бир қур назар ташлади-ю, икки қўлини икки чўнтагига солиб, ғоз туриб олди. Узатилган микрофонни ҳам қўлига олишни эп кўрмай, бошловчининг қўлидаги микрофонга эгилиб, салом, яхшимисизлар” – деди-ю, бошқа актёрлар ёнига бориб ўтирмасдан, саҳна ортига ўтиб кетди. Ойбек Вейсал ўғли (тадбир бошловчиси) тўққизта актёр билан бирма-бир самимий суҳбат қилдилар, лекин Яшилчой қайтмади. Бурак-ку умуман кўринмади.

Кўнглимнинг бир чеккасидан “у шунчалик машҳурмикан, тўққизта ҳамкасбини менсимадия” – деган фикр йилт этиб ўтди. Бундай ўйлаган бир мен эмас эканлигим кейинроқ маълум бўлди. Саҳнадагиларни совға-саломлар билан ўринларига кузатиб қўйишгачгина Нургул саҳнага чиқиб келди ва унинг бошига бошловчининг бошидаги тожини кийдириб, энди шоу бошланаётган эди, 58 йилдан бери кино санъатига ҳалол хизмат қилиб, сочи оқарган, ўзининг таъбирича “подшодан қулгача” барча ролларни ўйнаган Сардор Гёкхан саҳнага отилиб чиқди-ю, микрофонни олиб “томошамизни бузди деб мендан хафа бўлманглар. Минг афсус, мана бу оёғи ердан узилган икки ҳамкасбимиз саҳнада биз билан бирга ўтиришдан ор қилди, аслида улар бизнинг сафимизда бўлишга нолойиқ. Сиз одамнинг қиёфасига қараб баҳо берманг, унинг кимлигини хатти-ҳаракатлари билдириб туради. Биз ортиқ бу иккисининг аҳмоқона томошасини кўриб, ҳақоратни жимгина ютиб кета олмаймиз. Биз бу ерни ҳозироқ тарк этамиз” – деди-ю, тўққиз турк ижодкор зални тарк этди”, – деб ёзади журналист.