2020 йил 20 апрелда Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида саноат, қурилиш ва инфратузилма тармоқлари корхоналарининг тўлиқ ишлашини таъминлаш масалаларига бағишлаб ўтказилган видеоселекторда Термиз давлат университетининг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан Ахборот технологиялари факультетига мўлжалланган замонавий бино қуриш таклифи маъқулланган ва бу лойиҳани амалга ошириш бўйича тегишли топшириқлар берилган эди. Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 августдаги «Термиз давлат университети қошида Ахборот технологиялари факультетининг ўқув биносини қуриш тўғрисида»ги фармойишига асосан Термиз шаҳри Алишер Навоий кўчасида янги бино қуриш ишларига старт берилганди. 

Янги ўқув йили арақасида факультет биносининг тантанали очилиш маросими ўтказилди. Унда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов, Сурхондарё вилояти ҳокими Тўра Боболов, университет жамоаси, фахрий устозлар, маданият ва санъат вакиллари, талаба ёшлар иштирок этишди. Тадбирда сўзга чиққанлар илк бор олий таълим остонасига қадам қўйган талабаларни табриклаб, янгидан барпо этилган ушбу ўқув биноси уларнинг билим олишлари учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини айтиб ўтишди. 

Рамзий ленталар кесилганидан сўнг, талабалар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишилди. Кампус қурилишидаги замонавий кўриниш, пухта ўйланган архитектура, гўзал табиат манзараси, ўқув жараёни учун яратилган қулайликлар таълим сифатининг ошишига хизмат қилади. 

Бино етти қаватли бўлиб, талабалар сиғими 1850 нафарни ташкил этади. Шунинг билан бирга 176 нафар профессор-ўқитувчилар ва ишчи-ходимлар фаолият олиб бориши кўзда тутилган. Бинода 51 та ўқув аудиториялари, саккизта компютер хонаси, битта кутубхона, учта 100 нафар талабани сиғдира оладиган маъруза зали, битта кенгаш ўтказиладиган зал, тўққизта лаборатория ҳамда маъмурий хоналар мавжуд. 

Барча компьютерлар интернет тармоғига уланиб, Wi-fi зоналари ташкил қилинди. Ҳар бир аудитория замонавий смарт доска билан таъминланди. Талабаларнинг пухта билим олишлари учун зарур шароитлар яратилди. 

Янги бинода Ахборот технологиялари факультети, Физика-математика факультети ҳамда магистратура босқичи талабалари ўқув машғулотлари олиб боради.