Жаҳон | 07:45 / 21.09.2022
17229
4 дақиқада ўқилади

Шолц БМТда Путинни «очиқ империализмда» айблади

Россия урушни фақат Украинани эгаллаб олиш мақсадида бошлади, деди Германия канцлери Олаф Шолц Нью-Йоркда сўзлаган нутқида. У дунёни мультилатерализмга, БМТни эса ислоҳотларга чақирди. 

Фото: Reuters

Германия канцлери Олаф Шолц 20 сентябр, сешанба куни Нью-Йоркда БМТ Бош ассамблеясида сўзлаган нутқида Россия президенти Владимир Путинни империалистик интилишларда айблади

Шолцнинг сўзларига кўра, «Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши ҳеч қандай тарзда оқланмайди. Президент Путин буни «ўз тақдирини ўзи белгилаш ва сиёсий мустақиллик» каби қадриятлардан қатъи назар, фақат Украинани эгаллаб олиш мақсадида олиб бормоқда». «Бунинг учун фақат битта сўз бор: очиқ империализм», деди канцлер. 

Шолцнинг таъкидлашича, БМТга аъзо давлатлар «кучли қуролланган ядровий куч - қўшимча равишда Бирлашган миллатлар ташкилотининг асосчиларидан бири - зўравонлик чегараларини босиб ўтишни хоҳлаганида қўл қовуштириб ўтирмайди». У халқаро ҳамжамиятни БМТ низомининг мақсадлари ва асосий қоидаларини ҳимоя қилишга чақирди. 

Олаф Шолц БМТ Бош ассамблеяси иштирокчиларига мурожаат қилар экан, уларни Россиянинг Украинага қарши урушда ғалаба қозонишига йўл қўймасликка чақирди. Халқаро ҳамжамият Россия буюрган шартлар асосида тинчлик битимини қабул қила олмайди, дея ишонч билдиради Германия канцлери. «Шунинг учун Украина Россия ҳужумини қайтаришга қодир бўлиши керак. Биз бунда Украинани бор кучимиз билан қўллаб-қувватлаймиз: молиявий, иқтисодий, гуманитар, шунингдек, қурол-яроғ билан», - деб ишонтирди Германия вазирлар маҳкамаси раҳбари. 

Бундан ташқари, Олаф Шолц ўз нутқида Буюк Британия, Хитой, АҚШ ва Франция билан бир қаторда Россия ҳам доимий аъзоларидан бири бўлган БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилишга чақирди. 

Канцлернинг сўзларига кўра, қоидалар ва институтлар «XXI аср воқеликларига» мувофиқлаштирилиши керак ва БМТ ислоҳотидан сўнг, бошқа мамлакатларга, «биринчи навбатда, глобал жануб давлатлари»га ҳам Хавфсизлик кенгашида иштирок этишга рухсат берилиши керак. «Германия ҳам масъулиятнинг ортиб бораётган улушини ўз зиммасига олишга тайёр - аввалига доимий бўлмаган, кейинроқ БМТ Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзоси сифатида», дея хулоса қилди канцлер. 

Бундан ташқари, Шолц мультилатерализмни - кўплаб янги инқирозлар таҳдидига учраган дунёдаги бизнес ва савдо муносабатларининг кўп қутбли тизимини қўллаб-қувватлади. Немис раҳбарининг фикрича, «миллатчилик ва изоляционизм давр чақириқларига жавоб беришга қодир эмас». 

«Кўпроқ ҳамкорлик, кўпроқ шериклик, кўпроқ иштирок этиш - бу иқлим ўзгаришига ёки глобал соғлиқ учун хавфларга, инфляция ва таъминот занжирларининг узилишига қарши кураш бўладими ёки қочқинлар ва миграция муаммосига муносабатда бўладими, ягона оқилона жавобдир», деди Олаф Шолц Нью-Йоркда. 

Аввалроқ Бош ассамблея доирасидаги глобал озиқ-овқат хавфсизлиги саммитида нутқ сўзлаган Олаф Шолц «Россиянинг агрессив уруши кўп қиррали глобал инқирозни келтириб чиқаргани ва кучайтиргани», бу очлик ва тўйиб овқатланмаслик таҳдидини юзага келтирганини таъкидлаганди.

«Кейинги йил энергия ташувчилар ва ўғит нархининг кўтарилиши ҳисобга олинса, бундан ҳам ёмон бўлиши мумкин», деб огоҳлантирди канцлер ва «ҳаётларни сақлаб қолиш учун» чоралар кўришга чақирди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид