Жаҳон | 14:10 / 27.09.2022
8255
3 дақиқада ўқилади

Дунёда уруш туфайли глобал ялпи ички маҳсулот ўсиши прогнози пасайди

ИҲТТ прогнозларига кўра, 2023 йилда жаҳон иқтисодиёти атиги 2,2 фоизга ўсади. Россиянинг Украинага қарши уруши ялпи ички маҳсулотнинг 2,8 триллион долларига тушади.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (ИҲТТ)нинг 26 сентябр, душанба куни эълон қилинган ҳисоботида айтилишича, Россиянинг Украинага бостириб кириши туфайли глобал иқтисодий ўсиш бир неча ой олдин прогноз қилинганидан кўпроқ секинлашмоқда.

Жорий йилда глобал ялпи ички маҳсулотнинг ўсиши ҳали ҳам 3 фоиз даражасида кутилаётган бўлса-да, ИҲТТнинг 2023 йил учун прогнози июнь ойида кутилган 2,8 фоиздан 2,2 фоизга туширилди.

Ҳисоботда айтилишича, уруш энергия ташувчилар нархларини, айниқса Европада, COVID-19 таъсири туфайли бутун дунё бўйлаб нархлар тез ўсиб бораётган бир пайтда инфляция босимини янада оширган. Бизнес энергия ресурслари, транспорт ва ишчи кучи харажатлари ортишини истеъмолчиларга юкламоқда, дейилади маълумотда. Экспертларнинг таъкидлашича, инфляция 1980-йиллар даражасига етиб, марказий банкларни сиёсатни кутилганидан тезроқ қатъийлаштиришга мажбур қилди. 

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти экспертлари фикрича, Россиянинг Украинага қарши уруши келаси йил охиригача жаҳон иқтисодиёти ялпи ички маҳсулотдан 2,8 миллиард долларни йўқотишига олиб келади. Ташкилотнинг қайд этишича, Европа қишки шароитда энергия истеъмолини тартибга солишга мажбур бўлса, бу оқибатлар янада жиддийроқ бўлиши мумкин.

Иқтисодий ҳамкорлик ва ҳамкорлик ташкилоти Туркия, Индонезия ва Буюк Британиядан ташқари, G20’нинг деярли барча мамлакатлари учун келгуси йилга прогнозларини пасайтирди. Айни пайтда, Буюк Британияда ЯИМ ўсиши нолга тенг бўлиши кутилмоқда.

Евроҳудуд иқтисодиёти энди 2023 йилда атиги 0,3 фоизга ўсиши прогноз қилинмоқда, Германия ялпи ички маҳсулоти эса 0,7 фоизга қисқаради. Июнь ойидаги прогнозларга кўра, евроҳудуд ялпи ички маҳсулоти келгуси йилда 1,6 фоизга, Германияда - 1,7 фоизга ўсиши мумкин.

АҚШ ялпи ички маҳсулотининг 2023 йилга ўсиш прогнози июнь ойида кутилган 1,2 фоиздан 0,5 фоизга туширилди. Хитой иқтисодиёти, ИҲТТ прогнозига кўра, келгуси йилда ўсишни тезлаштиради - 2022 йилдаги 3,2 фоиздан 4,7 фоизга. Шу билан бирга, жорий йил учун прогноз 2020 йилги пандемия даврини ҳисобга олмаганда, Хитой ялпи ички маҳсулотининг 1970-йиллардан бери энг паст ўсиш суръатини назарда тутади, дейди экспертлар.

Мавзуга оид