Уруш туфайли бутун дунё бўйлаб озиқ-овқат маҳсулотлари, электр ва ёнилғи нархлари кескин юқорилади. Кўплар фақат давлат қўллаб-қувватлови ҳисобига омон қолмоқда. Суратда Индонезияда субсидия билан арзонлаштирилган озиқ-овқат учун навбат. Фото: EPA

Янги ҳисобот "Урушнинг нархи" деб номланган.

"Жаҳон иқтисодиёти тормозланмоқда. Бунга Россиянинг Украинага қарши йўқ ердан бошланган, оқлаб бўлмайдиган ва жиноий тажовузи сабабчи. Кўплаб мамлакатларда ЯИМ ўсиши тўхтади ва иқтисодиётнинг ҳолатига оид маълумотлардан келиб чиқиб, тормозланиш давомли бўлади", - деди ИҲТТ бош котиби Матиас Корманн.

Кремлнинг Европага қарши газ уруши ортидан келиб чиққан энергетика инқирози билан биргаликда, дунёдаги бойликларнинг ўсиш суръатига рекорд даражадаги инфляция ва Хитойдаги ковид локдауни ҳам таъсир кўрсатади. Лекин асосийси – уруш.

Уруш бўлмаганида, 2023 йилда жаҳон иқтисодиёти ҳажми душанба куни эълон қилинган прогнозга нисбатан 2 фоизга кўпроқ бўлган бўларди. Пулда ифодаланганда бу улкан рақамни ташкил этади - 2,8 трлн доллар, Россия ЯИМдан қарийб бир ярим бараварга кўпроқ.

Россия келаси йили дунёнинг энг етакчи 20 иқтисодиёти ичида энг сезиларли пасайишга дуч келади – ЯИМнинг 4,5 фоизи.

ИҲТТ 2023 йилда Россия билан бирга фақат Германияда ЯИМ пасайишини (минус 0,7 фоиз) тахмин қилмоқда. У Европанинг энг йирик иқтисодиёти, Россия газининг асосий харидори ва етакчи экспортёри ҳисобланади. Кўҳна дунёнинг саноат мотори Кремль ўтқазиб қўйган газ парҳези ҳамда Хитой иқтисодиёти тормозланиши сабабли тўхтайди. 

Қолганларда, айниқса, Россия ва Ғарбнинг энергетик ва санкциявий урушларида ғолиб чиққан Туркия, Ҳиндистон, Хитой ва Саудия Арабистонида ўсиш кузатилади.

Ҳаммаси янада ёмон бўлиши мумкин

АҚШ учун ҳам, Евроҳудуд учун ҳам келгуси йил прогнози ёмонлашган. ИҲТТ Америкада ўсиш ярим фоиз, Евроҳудуднинг 19 мамлакатида эса 0,3 фоиз бўлишини кутмоқда.

Иқтисодий инқироз сиёсий инқирозни туғдиради. Бельгияда электр ва иссиқлик нархи ошишига қарши намойиш: "Бундан ортиқ тўлай олмаймиз ва хоҳламаймиз". Фото: EPA