Жоржиа Мелони икки муваффақиятсизликка учраган коалициядошлари – Путинни қўллаши билан италияликларни безор қилган Силвио Берлускони ҳамда Маттео Салвини фонида айниқса устун кўринмоқда. Маълумот учун, Силвио Берлускони муқаддам тўрт марта бош вазир бўлган, Салвини эса собиқ ички ишлар вазири.

Италия ташқарисида кўпчилик ҳукумат тепасига «постфашистлар» келишидан қўрқаётган бир вақтда Мелонининг ўзи италияликларга мигрантлар сиёсати ва ноанъанавий қарашларга қарши бўлган қоришиқ сиёсий режасини таклиф этмоқда. У Италиянинг Европа иттифоқидаги миллий манфаатларини ҳимоя қилишга сўз бермоқда. Ҳеч қачон ҳукумат таркибида бўлмаган бу партия ўнгчиларга хос бўлмаган тарзда Россияга нисбатан душманлик кайфиятида ва Путинни танқид қилади.

Агар Мелони Италия бош вазири бўлса, ўнгчилар 2011 йилдан буён илк марта ҳукумат тепасига келган бўлади. Ўшанда Силвио Берлускони охирги марта бош вазир бўлганди. Аммо Politico нашрининг ёзишича, диктатор Бенито Муссолини давридан буён Италияда бу қадар ўнгчилар ҳукмронлиги кузатилмаган. Аниғи шуки, «Италия биродарлари» партияси дастурини баҳолаш қийин, чунки бу партия ҳеч қачон ҳукумат таркибида бўлмаган, мухолифат таркибида бўлган ва ғояларини тез-тез ўзгартирган.

Партияни «постфашистча» ва «постғоявий» деб аташади

«Италия биродарлари» партиясини бежиз «постфашистча» дейишмайди, чунки уни 2012 йилда диктатор Муссолинининг фанатларидан иборат ноефашистча «Италия социал ҳаракати» ташкилоти аъзолари тузган. Бу ҳаракат рамзида Италия байроқлари рангидаги машъала тасвирланган. Муссолинининг фанатлари эса унинг қабри узра мана шундай машъала ёниб турганига ишонади.

Партия етакчилари айтишича, улар фашизмни аллақачон енгиб ўтган. Партияга берилган таърифдаги «пост» сўзи шу иддаони ифодалайди.

«Фашист бўлсам, буни тан олган бўлардим, лекин фашист эмасман», дейди Мелони интервюларидан бирида. Ўз навбатида, Мелони мамлакатнинг фашистлар етакчилик қилган йилларини танқид қилишга шошмаяпти, партиянинг Муссолинига боғланган рамзини ҳам ўзгартирмоқчи эмас. Чунки Муссолини фанатлари орасида ҳам обрўси камайишини истамайди.

Фашизмни чуқур ўрганган италиялик журналист Паоло Бериццининг фикрича, охирги йилларда иқтисодий ҳолат ёмонлашуви фонида Италияда яна фашистик кайфият жонлана бошлаган. Журналистнинг айтишича, одамлар ўша даврларга қайтишни истаётгани йўқ, лекин яна «ўшанда унча ёмон ҳам эмасди» деб ўйлай бошлаган.

Балки шу сабабдандир Мелони Муссолини даври ҳақида деярли гапирмайди. У бемалол тадбирларда диктаторнинг набираси ва партияси аъзоси бўлмиш Ракеле билан кўриниш бериши, Муссолини бошчилигида 1922 йил Римда ўтказилган фашистлар марши юбилейи шарафига кечки овқат ташкил қиладиганларни ҳам танқид қилмаслиги мумкин.