Жаҳон | 16:33 / 29.09.2022
18196
3 дақиқада ўқилади

Кремлда эртага Украинанинг аннексия қилинган ҳудудларини Россияга қўшиб олиш бўйича келишувлар имзоланади

Фото: AFP/GETTY

30 сентябр куни Кремлда Россия таркибига янги ҳудудларни қўшиш бўйича келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтади. Бу ҳақда РФ президенти матбуоти котиби Дмитрий Песков маълум қилди. Россия парламентининг икки палатасида ҳам Украина ҳудудларини аннексия қилиш бўйича овоз бериш жараёни фақат кейинги ҳафтада ўтказилиши кутилмоқда. Шундан кейингина Путин бу қўшилишни Россия Конституциясида мустаҳкамлаб қўйиши мумкин.

«Эртага Георгиевский залида соат 15:00 да Россия Федерациясига янги ҳудудларни қўшиб олиш бўйича келишувларни имзолаш маросими бўлиб ўтади. Путин катта чиқиш қилади», деган Песков.

Унинг сўзларига кўра, Россия президентининг бу нутқи Федерал мажлисга мурожаат бўлмайди, бу кейинроқ ўтказилади.

Песков президент «ДХР» ва «ЛХР» раҳбарлари, шунингдек Херсон ва Запорижжя областларининг Россия томонидан тайинланган раҳбарлари билан «маросим майдонида» гаплашишини қўшимча қилган.

ТАСС хабарига кўра, жума куни Қизил майдонда «ДХР», «ЛХР», Запорижжя ва Херсон областларининг Россия таркибига қўшиб олиниши бўйича референдум якунларини қўллаб-қувватлаб» митинг-концерт ўтказилиши ҳам режалаштирилган. Унга Владимир Путин ташриф буюриши кутилмоқда.

27 сентябр куни, Украинанинг босиб олинган тўрт ҳудудида Россияга қўшилиш бўйича беш кунлик «референдум»лар якунланди.

21 сентябр куни Путин бундай «референдум»лар ўтказилишини маъқуллаган ва «ватан ҳимояси, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини таъминлаш» учун «қисман» сафарбарлик эълон қилганди.

Уёғига нима кутиш мумкин?

Чоршанба куни кечқурун Украинанинг босиб олинган ҳудудларига Россия томонидан тайинланган раҳбарлар Москвага учиб келгани маълум бўлганди. Бундан олдинроқ улар ҳудудларни Россия таркибига қўшиб олишни сўраб, расман Владимир Путинга мурожаат қилишганди.

Эндиликда, «Коммерсант»нинг ёзишича, мазкур тўрт регион билан халқаро келишув имзоланиши ва Россия президенти бу келишувларни янги субъектларни қабул қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳалари билан бирга ратификация қилиш учун Федерал мажлисга тақдим этиши керак.

Шу билан бирга, назарий жиҳатдан бу жараён доирасида Запорижжя ва Херсон областлари мустақиллигини тан олиш тўғрисидаги фармонлар қабул қилиниши керак, Россия Донбассдаги ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «республика»ларни 2022 йил 21 февралида тан олганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид