Ўзбекистонда ижара нархлари қимматлиги, аниқроғи уйлар баҳоси ва энг муҳими – аҳоли даромадларига номутаносиблиги ҳақида кўп гапирилади. Ижара бозорининг асосий харидори бўлган оддий ишчилар 4-5 млн атрофида маош олишса, шундан энг камида 3-3,5 млн сўмини ижарага сарфлашга мажбур бўлмоқдалар.

Бу борада энди-энди олиб борилаётган тадқиқотлар ҳам Тошкентда бюджет баҳодаги хонадонлар ўртача 10 йилда ўзини оқлашини кўрсатган. Яъни уй олиб ижарага берилса, у 10 йилда сарфланган пулни қайтаради. Ҳолбуки бу кўрсаткич ривожланган давлатларда 20-30, ҳатто 40 йилни ташкил қилади.

Ҳа, статистика шафқатсиз, рақамлар хафа қиладиган. Бугун ана шу ўсиб бораётган рақамлардан азият чекаётган юртдошларимизга қулоқ тутдик. Аксарияти муаммо туфайли бўғзига қадар тўлиб турган бўлса-да, шахсини сир сақлашни маъқул кўришди. Айримларининг “Наҳот ижарада ўлсам?!” деган сўзлари юракларни титратиши тайин.

Биринчи қаҳрамон: “Бу муаммо ижтимоий портлашга олиб келиши мумкин”

— Айтинг-чи, мен нима қилишим керак? Олий маълумотлиман, икки тилни биламан, давлат берган ишда ишлайман ва 5,5 млн сўм маош оламан. Лекин ижарага қанча тўлашимни биласизми? 450 доллар! Бу 5 млн сўм дегани. Мен бойлигим туфайли қиммат уйда турмайман. Бу уйнинг баҳоси ўзи 250 доллар эди. Аммо ижара берувчи қисқа муддат ичида икки марта кўтарди ва ҳозирги нархга олиб келди.

Ногирон фарзандимиз бор, уни даволатиш ҳам мунтазам пул талаб қилади. Аёлим ҳам олий маълумотли, лекин 2,5 млн сўм ойлик олади. Ватанимизни севамиз, лекин баъзан унга сиғмай кетаётганимизни ҳис қиламиз...

Иккинчи қаҳрамон: “13 йилда 24 марта кўчдик... Дод дегим келади баъзида”

— 13 йил ичида 24 та уйга кўчдик. Уй эгаларининг яхшилариям, ёмонлариям бор. Қиш кунларида, совуқда сарсон бўлиб, томидан чакка ўтиб турган уйда яшаган пайтларимиз бўлди. Участкавойларнинг текшир-текширидан безган, қўшниларнинг “вилоятлик, келгинди” деб сиғдирмаган кунларни кўрдик.

Бу ҳам майли, ижарага аранг уй топиб, ботиб ётган уйни йиғиштириб тозалаганимиздан кейин уй эгаси келиб, “уйни ижарага бермайдиган бўлдик”, деганда ҳеч жойга сиғмай кетганман.

Айниқса воситачи маклерлардан кўп азият чекканмиз. “Уй тоғамники, аммамники” деб пулимизни олиб, эртасига пул ҳам, маклер ҳам йўқолиб қолган. Ачинарлиси, охирги йилларда ижара нархининг ошишида маклерларнинг “хизмати” катта.