Украинлар бундай дронларга қарши зенит ракета ва артиллерия тизимларини қўлламоқда. Бундай дронларни Германия Украинага берган Gepard зенит қурилмаси билан ҳам уриб тушириш мумкин. Фото: Getty Images

«Аввалига жуда ёқимсиз ғўнғиллаган товуш эшитилди, кейин нимадир қулаб тушди – жуда кучли портлаш юз берди. Гўё қудуққа ёки ёпиқ ҳовлига нимадир тушгандек бўлди», дейди одессалик журналист Алёна Балаба BBC билан суҳбатда. 25 сентябр куни у яшайдиган жойдан икки кўча узоқликдаги бинога Россиянинг Эронда ишлаб чиқарилган дрон-камикадзелари зарба берди.

Жума куни дронларнинг биринчи зарбаси оқибатида портда тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди. Шундан сўнг, ҳарбийлар бунга тайёр туришди. Битта дрон денгиз устида уриб туширилди, иккитасига қарата ўқ узилган бўлса-да, уриб туширишнинг иложи бўлмаган.

Якшанба куни, дейди Балаба, портлашлардан йигирма дақиқа олдин ҳаво ҳужумидан огоҳлантирувчи сиреналар янгради. Лекин ҳужумни тўлиқ бартараф этишнинг имкони бўлмади.

Дронлар бинога жиддий зарар етказди, бироқ, у ҳарбийлар томонидан фойдаланилмаётган эди. Шунга қарамай, бу ва аввалги ҳаво ҳужумлари Украина армияси учун янги, жиддий муаммо пайдо бўлганини кўрсатмоқда.

Душанба куни эрталаб учта дрон Одессадаги иккита объектга – ўқ-дорилар омбори ва ҳарбий штабга ҳужум қилди. Бир дрон уриб туширилди, бироқ қолган иккитаси нишонга тегди. Қурбонлар бўлмади, чунки, ҳарбий объектларда одамлар йўқ эди.

Душанба оқшомида Одесса яқинида яна бир нечта дрон уриб туширилди.

Сешанба куни эрталаб учта дрон Миколайивга ҳужум қилди, бироқ улар Украина ҳаво мудофааси томонидан уриб туширилган.

Кутилмаган «Герань»

Украинада бу дронлар ҳақида биринчи марта 13 сентябр куни гапира бошлашди. Купянск яқинида Украина қуролли кучлари (УҚК) томонидан «Герань-2» ёзуви бўлган ғайриоддий дрон уриб туширилди. Унинг парчалари Эроннинг «Shahed-136» дронига ўхшаш эди.