30 сентябрь куни халқаро аккредитацияга эга IAF-United registrar of sistem компанияси томонидан ISO/IEC 27001:2013 халқаро стандарти сертификати БМТ Тараққиёт дастури, шунингдек, SMS SYSTEMS консалтинг компанияси иштирокида Адлия вазирлигига тантанали равишда топширилди.

Бундан қандай натижалар кутилмоқда?

Расмий релизга кўра, халқаро стандартларга мувофиқ бошқарув тизимини жорий этиш натижасида ходимлар ўртасида ахборотни муҳофаза қилиш ҳамда маълумот олишда ортиқча вақт сарфланишининг олди олинади.

Бундан ташқари, ахборот хавфсизлиги менежмент тизимининг жорий қилиниши тизимларнинг ишдан чиқиши, нотўғри фойдаланишдан ҳимоя қилиш ёки хавфни камайтиришга хизмат қилади.

Энг асосийси, аҳолига кўрсатиладиган давлат хизматлари сифатини ошириш, ахборот махфийлиги ва ишончлилиги ошиши назарда тутилган.

Сертификат олиш учун Адлия вазирлиги нималар қилди?

Бу йўналишдаги илк қадамлар 2020 йилда ташланган бўлиб, Адлия вазирлигининг ахборот хавфсизлиги юзасидан ягона сиёсати ишлаб чиқилган. Шунга кўра, Тармоқ инфратузилмаси ва тармоқлараро экранлаш даражасида ахборот хавфсизлиги таъминланган.

Маълумотларни қайта ишлаш маркази стандарт талабларида белгиланган нормалар бўйича такомиллаштирилган. Шунингдек, сервер ва компьютерларга лицензияланган операцион тизимлар ўрнатилган.

Ходимларни ахборот хавфсизлиги сиёсатидан хабардор қилишга бағишланган ўқув семинарлар ташкил қилинган.

Бу йўналишдаги тажрибани мустаҳкамлаш мақсадида 10 нафар вазирлик малакали мутахассислари “CERT Academy” тренинг маркази томонидан ташкил этилган ISO/IEC 27001:2013 халқаро стандарти бўйича ўқув тренингини муваффақиятли якунлаб, тегишли сертификатларга эга бўлган.

Бундан ташқари, ахборот хавфсизлиги хавфлари реестри шакллантирилиб, ахборот хавфсизлиги бошқарув тизими билан боғлиқ ташқи ва ички омиллар ҳамда жараёнларнинг самарадорлик кўрсаткичлари белгилаб олинган.

Адлия вазирлиги марказий аппарати ва 5 та пилот ҳудудлардаги адлия бошқармалари ҳамда туман адлия бўлимларида ISO/IEC 27001:2013 стандарт талабига асосан ички аудит ўтказилган.

Ахборот хавфсизлиги хавфлари бўйича ҳаракатлар, мақсадларни амалга ошириш мониторинги, самарадорлик кўрсаткичлари бўйича маълумотлар таҳлил қилинган.