Марказий банк бошқаруви микромолия ташкилотлари, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотлари, кафолатлар бериш ташкилотлари ҳамда факторинг ташкилотларининг ахборот тизимларида ахборот хавфсизлигига доир минимал талаблар тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритди. Мазкур қарор Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилди ва расмий эълон қилинган кундан кучга кирди.
Янги таҳрирга мувофиқ, нобанк кредит ташкилотлари мижозларни идентификация қилиш ва аутентификация қилиш жараёнида фойдаланиладиган жисмоний шахсларнинг биометрик маълумотларини фақат Ўзбекистон ҳудудида сақлаши шарт. Шу билан бирга, биометрик бўлмаган шахсга доир бошқа маълумотлар қонунчиликда белгиланган тартибда мамлакат ташқарисида сақланиши ва қайта ишланиши мумкин.
Шунингдек, ҳужжат билан ахборот хавфсизлигига оид атамалар янгиланиб, низомнинг амал қилиш доираси кафолатлар бериш ва факторинг ташкилотларига ҳам кенгайтирилди. Ходимларнинг конфиденциал ва шахсга доир маълумотларни сир сақлаш бўйича мажбуриятлари ҳамда бошқа ахборот хавфсизлиги талабларига аниқлик киритилди.











