Сиёсатшуносга кўра, Путиннинг Украинага тегишли ва ўзини ўзи мустақил дея эълон қилган Қрим, Херсон, Запорижжя, Донецк ва Луҳанск областларини Россия таркибига қўшиб олишдан кўзлаган қатор мақсадлари бор.

“Биласиз, Владимир Путин ва Россия Федерацияси ўзга давлат ерларини биринчи бор аннексия қилаётгани йўқ. 2014 йилда ҳам Украинага тегишли бўлган Қрим автоном республикаси аввал референдум ўтказиш ва кейин гўёки Қрим мурожаати орқали Россияга қўшиб олинган эди.

Ўшанда Россия жамиятида “Қрим эйфорияси”, яъни Қрим Россияга қайтди, деган фикр бўлганди. Бу эса Россияда Путин ҳокимиятини мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди. Лекин бугун вазият ўзгача. Бугун Украинага тегишли вилоятларнинг мустақиллик эълон қилиши ва Россия таркибига кириши жаҳон ҳамжамияти томонидан жуда ёмон қабул қилинди, шунингдек, Россиянинг ички аҳволи учун ҳам бу ҳеч қандай рол ўйнамай қўйди.

Бу ерда Путин кўзлаган яна бир қатор нуқталар бор. Унга кўра, бу вилоятлар эндиликда Россия таркибида бўлгани учун Путин кузги чақириқда ҳарбий хизматда бўладиган ёшларни ўша ҳудудларга хизматга юбориши мумкин.

Бу мобилизацияга қўшимча равишда яна 150 минг қўшимча куч дегани. Бундан ташқари, ўша ҳудудларнинг аҳолиси ҳам эндиликда фронтга жалб қилиниши мумкин. Бунга Россия нуқтайи назаридан қонуний асос бор.

Учинчидан, ҳозир менга Россиянинг ядро қуролларини жойлаштириш бўйича техник ишлари маълум эмас, лекин у Қримда жойлашган тактик ядро қуролларига ўхшаш қуролларини янги ҳудудларда ҳам жойлаштириши ва бу орқали Украинани қўрқитиши мумкин.

Тўртинчидан, Россия ва Путин учун ҳозир аҳамиятлиси бу вилоятлар Россия таркибида бўлар экан, энди бу урушни дунё танқид қилаётгани каби босқинчилик уруши эмас, ватан учун урушга айлантирмоқчи.

Бешинчидан, Россия таркибига қўшилган янги ҳудудларга тажовуз бўлса, бу Россия ҳудудига тажовуз сифатида баҳоланади ва Путин учун ядровий концепцияга асосан “душманга” қарши тактик ядро қуролларидан зарба бериш имконияти туғилиши мумкин”, – деди Хуршид Ҳабиб.

У шунингдек, Россиянинг кўп йиллар давомида ҳарбий қудрати ва қуроллари кучи бўйича гапириб келинган таҳдидлари бугун пучга айлангани ҳамда ҳозир ҳеч ким Россиядан қўрқмай қўйгани ҳақида ҳам гапирди.

“Бугун Россиянинг ҳарбий қудрати ва қилаётган ҳаракатларидан ҳеч ким чўчимай қўйди. Буни очиқ айтиш керак. Чунки Россиянинг ҳарбий қудрати феврал ойида дунё қўрққани, кутгани каби қудратли бўлиб чиқмади.