Жаҳон | 09:01 / 03.10.2022
5231
3 дақиқада ўқилади

Россия Конституциявий суди Украина областларини аннексия қилиш ҳақидаги шартномаларни тан олди

Суд томонидан маъқулланиши - Украина ҳудудларини Россия томонидан расман аннексия қилиш тартибидаги қадамлардан биридир.

Фото: РИА Новости

Россия Конституциявий суди 30 сентябр куни Кремлда имзоланган Украинанинг босиб олинган областларини «Россия Федерацияси таркибига қабул қилиш» тўғрисидаги шартномаларни маъқуллади. Бу ҳақда 2 октябр, якшанба куни суд сайтида хабар берилди.

Шундай қилиб, Конституциявий суд Украинанинг Запорижжя ва Херсон областлари, шунингдек, «ДХР» ва «ЛХР»ни Россия қонунларига мувофиқ «Россияга қабул қилиш тўғрисидаги шартномалар»ни кўриб чиқди.

Суд томонидан маъқулланиши - Украина ҳудудларини Россия томонидан аннексия қилиш бўйича расмий тартибдаги қадамлардан бири. Энди Россия президенти Владимир Путин шартномаларни ратификация қилиш учун Давлат думасига юбориши ва шу билан бирга «янги ҳудудларни қабул қилиш» тўғрисидаги федерал конституциявий қонунни киритиши керак бўлади.

Давлат думаси раиси Вячеслав Володин парламент қонун лойиҳаларини 3 октябр, душанба куни кўриб чиқишини айтди. Федерация кенгаши бу масалани 4 октябрда кўриб чиқиши мумкин, деди палата спикери Валентина Матвиенко.

30 сентябр куни Кремлда ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган «ДХР», «ЛХР» ҳамда босиб олинган Херсон ва Запорижжя областларининг Россияга «кириш тўғрисидаги шартномалари» имзоланди. Улардан олдин босиб олинган ҳудудларда псевдореферендумлар ўтказилди.

Шу билан бирга, Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба таъкидлаганидек, «Украинанинг Донецк, Луҳанск, Запорижжя ва Херсон областларини аннексия қилишга уринаётган Путин, ҳатто у ердаги жисмонан назорат ҳам қилмайдиган ҳудудларни тортиб олишга уринмоқда».

Украина президенти Володимир Зеленский Украина энди Путин билан музокаралар олиб бормаслигини, чунки у билан «тенг, ҳалол ва адолатли шароитларда бирга яшаш» ҳақида келишиб бўлмаслигини айтди. «Шунинг учун биз Россия билан мулоқотга тайёрмиз, лекин бошқа президент билан», - деди у.

АҚШ, Европа иттифоқи ва НАТО давлатлари «референдумлар» натижаларини ҳеч қачон тан олмаслигини бир неча бор таъкидлади. Бирлашган миллатлар ташкилоти Хавфсизлик кенгашида Украинанинг вақтинча босиб олинган ҳудудлари статусидаги ҳеч қандай ўзгаришларни тан олмасликка чақирувчи резолюция бўйича овоз бериш чоғида ҳужжат 10 давлат томонидан қўллаб-қувватланди. Хитой, Габон, Ҳиндистон ва Бразилия бетараф қолди, Россия резолюцияга вето қўйди.

Мавзуга оид